Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев Kun.uz’га берган интервюсида Қўштепа канали бўйича Афғонистон томони билан олиб борилаётган музокаралар ҳақида ҳам гапирди.

— Қўштепа канали — биз учун кутилаётган энг катта хавфлардан бири. Бу масала президент Мирзиёев томонидан БМТ минбарида ҳам гапирилди, хавотирлар айтилди, келишув керак, дейилди. Мана шу келишув жараёни бугун қай босқич ёки нуқтада?

— Ҳа, дунёдаги энг катта минбар бўлмиш БМТда президентимиз атрофимизда яна бир катта сув истеъмолчиси пайдо бўлди, биз бу томон билан мулоқот қилишимиз, сув тақсимоти жараёнида у ҳам қатнашиши керак, деди ва бошқа масалаларни ҳам алоҳида таъкидлаб, халқаро ҳамжамият эътиборини қаратди.

Қўшниларимиз Панж дарёсидан сув олади. Бу дарё Афғонистон ва Тожикистон чегараси. Дарё ирмоқлари қуйилиб шаклланади ва унинг тахминан 35 фоизи Афғонистон ҳудудидан олинади, шунинг учун ҳам Афғонистон сувга даъвогар бўляпти. Ҳозирда шу бўйича мулоқотлар бўляпти. Ўтган ойда вазир биринчи ўринбосари Азимжон Назаров, Сув хўжалиги вазирлиги ахборот-таҳлил ресурс маркази бошлиғи Зокир Эшпўлатов Афғонистондаги элчимиз билан биргаликда Афғонистон томони билан мулоқотда бўлди. Аммо мулоқотда Афғонистон томонидан энергетика ва сув хўжалиги вазири қатнашмаган. Улар баъзи маълумотларни олса, кейин учрашишга тайёр эканини билдиришган. Президентимиз томонидан бу масалага эътибор берилгач, Афғонистон томони яна алоқага чиқди ва биз сув масалалари бўйича ҳеч қандай халқаро мажбурият олмаганмиз, конвенцияларни ратификация қилмаганмиз, деди. Лекин барибир халқаро талаблар бўлади, тарихан фойдаланиб келганмиз биз. Тожикистон ҳам бор бу масалада, фақат Ўзбекистон эмас. Сурхондарё ҳудудидан ўтгандан сўнг Амударё суви Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида тақсимланади. Санитар эҳтиёжлар учун Оролбўйига ҳам сув берилади.

Ҳозирда Қўштепа каналининг 100 кмдан кўпроқ қисми қазиб бўлинди, қуриб бўлингани йўқ. Масалан, канал ва дарёларда тахминан ҳар 10 кмда кўприк бўлиши керак, сув олувчи иншоотлар ҳам қурилади. Кўприклари 100 млн, сув олувчи иншоотларга эса 200 млн доллар атрофида маблағ керак бўлади. Баъзи жойларга сув насос орқали чиқарилади. Ҳисоб-китобларимизга кўра, тахминан 600 млн доллар маблағ керак. Афғонистоннинг ўзининг қурби етмайди бу маблағга. Қурилаётган жойларга ҳар давлатлардан компаниялар борган, масалан, Хитойдан. Хитойликлар нефтни қайта ишловчи корхона очган, уларга ҳам сув керак. Қайсидир давлат геологик ишлар олиб боряпти минераллар ўзлаштириш бўйича, уларга ҳам сув керак.