27 сентябр куни Ҳангжоу шаҳрида XIX ёзги Осиё ўйинлари доирасида навбатдаги беллашувлар бўлиб ўтди. Кун давомида Ўзбекистон делегацияси 11 та спорт турида иштирок этди. Кун якунига келиб Ўзбекистон номига 1 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медаллар қўшиб қўйилди.
Дзюдо

Ўзбекистон дзюдочилар жамоаси аралаш жамоавий дастурда муваффақиятли иштирок этди. Чоракфиналдан баҳсларга киришган жамоа дастлаб Таиландни 4:0 ҳисобида мағлуб этишди, яримфиналда эса Хитой вакилларидан 4:2 ҳисобида устун келишди.
Аммо ўзбекистонликлар финалда ушбу спорт ватани ҳисобланган Япония жамоаси вакилларига 0:4 ҳисобида мағлуб бўлишди ва кумуш билан чекланишди.
Шу тариқа, Ўзбекистон дзюдо жамоаси жами 3 та олтин, 2 та кумуш ва 4 та бронза олган ҳолда, Япониядан (5-3-2) кейинги ушбу спорт бўйича иккинчи ўринни эгаллади.
Таэквондо

Ўзбекистон делегациясида олтин олиш учун асосий даъвогарлардан бири саналган таэквондочи Улуғбек Рашидов билдирилган ишончни оқлади ва Ўзбекистон жамоасига олтинчи олтин медални тақдим этди.
Осиё ўйинларида -68 кг вазн тоифасида иштирок этган ушбу спортчи финалга йўл давомида ҳонгконглик Ло Вай Фунг (14:1, 16:4), тайбэйлик Йи Жуи Чиу (13:0, 17:4), жанубий кореялик Жин Ҳожун (16:9, 16:7) каби спортчиларни енгиб, финалга чиқди. Олтин учун баҳсда ҳам иорданиялик Абдулкарим Заидни осонлик билан мағлуб этди - 14:6, 13:9.
Шу куни таэквондо бўйича баҳсларда Ўзбекистон жамоасининг яна бир вакили Феруза Содиқова ҳам финалга чиқди. -67 кг вазн тоифасидаги баҳсларда қатнашган ушбу спортчи ўз йўлида таиландлик Тонгчан Сасикарн (5:4, 11:10), қозоғистонлик Нурай Ҳуссайнова (6:8, 10:1, 7:2) ва эронлик Мелика Мирҳоссайнини (2:3, 13:10, 18:6) каби рақибларни мағлуб этди. Аммо финалда хитойлик Сонг Жиега ютқазиб қўйди (0:2, 3:9) ва кумуш билан чекланди.






















