Жаҳон | 08:36 / 29.09.2023
2480
2 дақиқада ўқилади

Латвия Сейми ОАВда рус тилини тақиқлашни маъқуллади

Латвия депутатлари миллий хавфсизликнинг янги концепциясини қўллаб-қувватлади, унинг бандларидан бири 2026 йилдан бошлаб давлат оммавий ахборот воситаларида рус тилини тақиқлашни назарда тутади.

Фото: Nicole Meißner/DW

Латвия Сейми депутатлари миллий хавфсизлик концепцияси лойиҳасини маъқуллади, унинг бандларидан бири Латвия рус тилидаги оммавий ахборот воситалари ёпилишини назарда тутади. Бу ҳақда 28 сентябр, пайшанба куни Delfi портали ёзмоқда.

Лойиҳага 68 депутат овоз берди, 10 депутат қарши чиқди. Концепциянинг мамлакат парламенти томонидан қўллаб-қувватланган бўлимларидан бирида айтилишича, 2026 йилдан бошлаб оммавий ахборот воситалари фақат латиш ёки Европа Иттифоқи, Европа иқтисодий ҳудуди ва Европа Иттифоқига кириш учун номзод бўлган бошқа мамлакатлар тилларида ишлаши мумкин.

«Давлат рус тилидаги контентни молиялаштиришни тўхтатиб, ягона ахборот майдонини яратиш жараёнини якунлайди, ўз навбатида, хусусий маблағлар учун тижорат оммавий ахборот воситаларида рус тилидаги контент мавжуд бўлишда давом этади», - дея концепция матнидан иқтибос келтиради Delfi. 

Латвия оммавий ахборот воситалари танқиди 

Латвия радиоси ва телевидениеси (LTV) аввалроқ концепция лойиҳасига киритилган оммавий ахборот воситаларида рус тилидаги контент яратишни тақиқлаш концепциясига қарши чиққан эди. LTV бундай таклифни «узоқни кўра олмаслик» ва белгиланган мақсад – ахборот маконининг хавфсизлигини мустаҳкамлашга мутлақо зид деб атади, дея ёзади Delfi. 

«Рус тилидаги медиа-контентдан ҳар куни фойдаланадиган барча 2026 йил 1 январдан бошлаб латиш тилидаги ОАВга ўтиб кетади, деб ўйлаш - бу хоҳиш-истак, аммо ОАВ маҳсулоти бўйича тадқиқотлар натижаси эмас», дейилади оммавий ахборот воситалари учун баёнотда. 

Электрон оммавий ахборот воситалари бўйича кенгаш (SEPLP) ҳам расмийларни тақиқдан воз кечишга чақириб, «Латвияга тегишлилик туйғусини кучайтириш учун мамлакатда яшовчи русийзабонларга рус тилидаги юқори сифатли контент зарурлигини таъкидлади».

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид