Жаҳон | 10:08 / 05.10.2023
7888
3 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия собиқ раҳбари Юнкер: Киев ЕИга киришга тайёр эмас

Украинада жамиятнинг барча қатламлари коррупцияга аралашган, мамлакатга кенг кўламли ислоҳотлар керак, деди Жан-Клод Юнкер.

Фото: Zheng Huansong / XinHua / Global Look Press

Украина Европа Иттифоқига аъзолик мезонларига ҳали жавоб бермайди. Бу фикрни Еврокомиссия (ЕК) собиқ раҳбари Жан-Клод Юнкер 5 октябр, пайшанба куни чоп этилган Augsburger Allgemeine газетасига берган интервюсида билдирди.

Украина билан Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокараларни тезда бошлаш чақириқларини шарҳлар экан, люксембурглик сиёсатчи шундай деди: «Украинада бўйнига қадар муаммога дуч келган одамларга ёлғон ваъдалар бера олмайсиз. Европадаги айрим овозлар мени жуда ғазаблантирди, улар украиналикларни зудлик билан Европа Иттифоқига аъзо бўлишига ишонтиришга ҳаракат қилмоқда. Бу на ЕИга, на Украинага фойда келтирмайди». 

«Украина билан ишлаган ҳар бир киши биладики, бу - жамиятнинг барча қатламларида коррупцияга учраган мамлакат, - дея давом этди сиёсатчи, - у (Украина) уринишларига қарамай, қўшилишга тайёр эмас, у кенг кўламли ички ислоҳотлар жараёнлари бўйича катта эҳтиёжга эга».

Шу билан бирга, Еврокомиссия собиқ раҳбари аниқ мисоллар келтирмасдан, Европа Иттифоқи янги аъзолар билан қонун устуворлиги қоидаларига риоя қилиш бўйича ёмон тажрибага эга эканини эслатди. «Бунинг яна содир бўлишига йўл қўйиб бўлмайди», деб огоҳлантирди у. 

Европа Иттифоқига «қисман қўшилиш» имконияти 

Юнкерга кўра, Европа Иттифоқига кириш учун номзод давлатлар мақомига эга бўлган Украина ва Молдова учун Европа истиқболини сақлаб қолиш зарур, «аммо буни (Европа Иттифоқига аъзоликни) умид билан боғлаб қўйиш керак эмас, унга тугмани босиш орқали бир кечада эришиб бўлмайди». Шу билан бирга, «Украина ёки Ғарбий Болқонда эришилган ютуқларга қараб, Европа интеграциясида иштирок этиш эҳтимоли сақланиб қолиши лозим», деди Юнкер. «Биз қисман қўшилиш, квази кенгайишнинг оқилона шакли каби нарсаларни амалга ошириш учун ҳаракат қилишимиз керак», дея қўшимча қилди у. 

Аввалроқ, 3 октябр куни Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел Der Spiegel ҳафталигига берган интервюсида Украина «ўз вазифасини бажарса», 2030 йилгача Европа Иттифоқига қўшилиши мумкин, деб айтган эди. У ислоҳотларни амалга ошириши, коррупцияга қарши курашиши ва ҳуқуқий шартларни бажариши кераклиги билдирилган. 

Мавзуга оид