Тамаки компаниялари йилнинг қайси пайтида рекламаларга зўр беради? – “Заковат”нинг кузги мавсуми илк ўйинидан репортаж
|20:58 / 06.10.202314 07514 мин
Ривожланган давлатлардаги супермаркетларда қиммат товарлар сотилувчи бўлимлар полига нега кичик плиткалар ўрнатилади? 1970 йилларда McDonald’s ресторанларида чой ёки қаҳвага қўшиб берилувчи ингичка, узун қошиқлардан нега воз кечилган? – “Заковат” телеўйини кузги мавсумининг илк ўйинида Бобур Ёқубов жамоаси иштирок этди.
Фото: ЗаковатФото: Заковат
Жамоа аъзолари (суратда чапдан ўнгга):
Ориф Толипов - спорт шарҳловчиси;
Ситора Фармонова - бошловчи ва актриса;
Бобур Ёқубов - шифокор (жамоа сардори);
Элдар Асанов - филолог;
Нурбек Алимов - халқаро муносабатлар эксперти;
Шаҳноза Соатова - Адлия вазирлиги ходими.
Ўйинни суратга олиш жараёнидан лавҳалар
Бобур Ёқубов жамоаси 2023 йилнинг кузги мавсуми биринчи ўйинида иштирок этади.
Маълум танаффусдан сўнг “Заковат” магистри Бобур Ёқубов ўйинларга иштирокчи сифатида қайтди. Бу сафар мутлақ янги таркибдаги жамоа билан. Жамоадан машҳур журналист ва блогерларнинг ўрин олгани ўйинга бўлган қизиқишни бир неча баробарга кучайтириши турган гап.
1-раунд саволи ривожланган давлатлардаги супермаркетларда икки хил плиткалар полга терилиши, нархи баланд товарлар билан савдо қилувчи бўлимларда нега кичик плиткалар полга урилиши ҳақидаги савол ўйналди. Жамоа илк саволда муваффақиятли ҳаракат қилиб, раундни ўз фойдасига ҳал қилди – 1:0.
2-раундда табиатшунослар Марказий Осиёдаги бир тоғни ХХ аср 70 йилларидан бошлаб қандай иккита сўзли ном билан атай бошлагани ҳақида савол ўйналди. Жамоа муҳокама давомида саволнинг жавобига етиб бора олмади ва ҳисоб тенглашди. Ҳисоб – 1:1.
Жамоа аъзоси Ориф Толипов
3-раундда Гонконгни Гуанжоу билан боғловчи, узунлиги 55 кмли кўприкнинг чегара қисми нега ғайриоддий қилиб қурилганининг сабаби сўралди. Ушбу саволда ҳам жамоа яхши ҳаракат қилиб, саволнинг мантиғига етиб бора олди ва ҳисобда олдинга чиқиб олди. Ҳисоб – 2:1.
Мавзуга оид
Жамоа аъзоси Ситора Фармонова
4-раундда Хоразм миллий рақсларидан бири намойиш этилиб, ушбу рақс номи нега “101” деб аталиши сўралди. Саволнинг жавобига анча яқин борган бўлса-да, жамоанинг жавоби бироз ноаниқ эди ва ҳисоб тенглашди. Ҳисоб – 2:2.
5-раундда ўзига хос шарчадан XV асрда Италиядаги узоқ тоғли ҳудудлардаги черковларда ибодатга келганлар нима мақсадда фойдаланган, деган мазмундаги савол билимдонларга ноқулай келди. Ҳисоб – 2:3.
Кейинги раунд саволи 1970 йилларда McDonald’s ресторанларида ҳар бир финжон чой ёки қаҳва ичига ингичка, узун қошиқлар солиб тарқатилгани, бу қошиқлар тез-тез йўқолиб қола бошлагач, нега бу қошиқлардан фойдаланиш буткул тўхтатилгани ҳақида бўлди. Ушбу саволда жамоа омадсизликка учради. Ҳисоб – 2:4.
Жамоа аъзоси Шаҳноза Соатова
7-раундда шоир Иқбол Мирзонинг машҳур инсон ҳақидаги шеъри асосида тузилган қизиқарли савол ўйналди. Жамоа ушбу саволда ўзи тўғри жавоб топа олмаган бўлса-да, клуб ёрдамидан фойдаланган ҳолда ҳисобига навбатдаги очкони қўшиб қўйди. Ҳисоб – 3:4.
Жамоа аъзоси Нурбек Алимов
Кейинги раундда Михаил Шолоховнинг инсондаги бир ҳолатга берган қизиқарли таърифи ҳақида савол ўйналди. Ушбу саволга жамоа тўғри жавоб бериб, ҳисобни тенглаштирди – 4:4.
Жамоа сардори Бобур Ёқубов
9-раундда тамаки компаниялари йилнинг қайси пайтида рекламаларга зўр бериши ҳақида савол ўйналди. Жамоа чуқур мантиқли ушбу саволнинг жавобига етиб боролмади ва ҳисоб телетомошабинлар фойдасига оғди. Ҳисоб – 4:5.
Жамоа аъзоси Элдар Асанов
10-раундда машҳур асарларнинг таржимадан кейин японлар томонидан қўйилган номлари ҳақидаги қизиқарли блиц саволлари ўйналди. Блицнинг биринчи ва иккинчи саволига тўғри жавоб берган жамоа, афсуски, учинчи саволда омадсизликка юз тутди.
Шу тариқа мавсумнинг илк ўйини 4:6 ҳисоби билан якунланди.
Ўйин стенограммаси билан қуйида танишиб чиқишингиз мумкин.
Бошловчи: Марҳамат, икки хил пол плиткалари олиб чиқилсин.
Ривожланган давлатлардаги супермаркетларда икки хил плиткалар полга терилади. Баъзи нархи баланд товарлар билан савдо қилувчи бўлимларда албатта кичик плиткалар полга урилади. Уларнинг жимжимасига эътибор берманглар. Уларнинг катта-кичиклигига эътибор беринглар. Бунинг натижасида супермаркет катта фойда кўрар экан.
Диққат савол: Майда плитка ёпиштирилган бўлимлар ниманинг ҳисобига кўп фойда кўради?
Жавобни Бобур Ёқубов беради: Бизнинг фикримизча, майда плитка қўйилгандан кейин уларнинг орасида озгина жой қолади-да, супермаркет аравачаси юрганида қийналиб ўтади, яъни секинлашиб юришга мажбур бўлади. Харидор, ўша жойда кўпроқ нарсаларни кўришга ва қизиқишига сабаб бўлиши мумкин ва ўша қимматроқ нарса кўпроқ харид қилинади.
Тўғри жавоб: Биласиз, супермаркетларда ҳар бир харидор арава етаклаб юради. Майда плитка терилган бўлимларда улар аравачани беихтиёр секинлаштиришга мажбур бўлишади. Чунки майда плиткалар устидан юрганда арава шовқин чиқаради, товарларни синчковлик билан кузатишга ва эҳтимолки уни сотиб олишга имконият бўлади.
Ҳисоб: 1 - 0
Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
Бу Марказий Осиё ҳудудидаги тоғларнинг сурати, қайсидир тоғ.
Диққат савол: Табиатшунослар ХХ аср 70 йилларидан бошлаб қандай иккита сўзли ном билан бу тоғларни атай бошлашган?
Жавобни Ориф Толипов беради:
Биз жамоа билан ўйлаб, табиат галереялари деб атала бошлаган деб ҳисобладик.
Тўғри жавоб: 1969 йили АҚШ астронавтлари Ойга қўниб у ернинг суратини олиб тушишган, бу каби тоғлар Ойда ҳам борлигидан табиатшунослар бу тоғни ҳам Ойдаги тоғлар деб аташган.
Ҳисоб: 1 - 1
Жамшид Умрзоқов 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
Бу жудаям машҳур кўприк. Ҳонгконгни Ҳуанжоу билан боғловчи узунлиги 55 кмли кўприкнинг чегара қисми тасвирланган. Қарийб 10 йил қурилган бу кўприк. Нега мана шундай ғайриоддий қилиб қурилганига эса бир сабаб бор.
Диққат савол: Расмни обдан ўрганинг, кузатинг ва бир дақиқадан кейин нега иншоот бунчалик мураккаб қурилганини топиб беринг.
Жавобни Нурбек Алимов беради: Бу кўприкнинг бундай қурилишига сабаб Ҳонгконгда йўл ҳаракатига кўра, тўғрига юриш учун чап томондан юриш керак, Хитойда тўғрига юриш учун йўлнинг ўнг томонидан юриш керак. Шу учун, шу иккала йўл ҳаракатини синхронизация қилиш мақсадида шундай қилиб қурилган. Ҳаракат хавфсизлигини таъминлашган.
Тўғри жавоб: Дарёнинг чап қирғоғи Ҳонгконг, ўнг қирғоғи Хитойнинг Ҳуанжоуси. Мана кўряпсиз, илон изи бўлиб айлана бўлиб кетган. Автомобил йўллари ўзгариб кетмоқда. Чунки Ҳонгконгда автомобил ҳаракатланиши ўнг томонлама, Хитойда чап томонлама. Кўприкнинг бундай қурилишига сабаб чегарадан ўтиши билан ўша давлат йўналишига тушиб олади.
Ҳисоб: 2 - 1
Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
Хоразм халқ рақсларидан бири намойиш этилди. Одатда куй-қўшиқларга гўзал гуллар, гўзал қизларнинг номлари қўйилади. Аммо сиз кўриб турган Хоразмча рақс номи “101” деб аталади.
Диққат савол: Рақснинг “101” деб аталишига сабабни айтинг.
Жавобни Шаҳноза Соатова беради: Бизнинг фикримизча, ушбу рақс аёл кишининг уй ичида қиладиган 101 та ишини ўзида жам этган.
Тўғри жавоб: Хоразм куйига саҳналаштирилган бу рақсда 101 та ҳаракат жамланган. Ҳар бир қилинган ҳаракат қайта такрорланмайди. Шунинг учун ҳам “101” деб номланган.
Бу чиройли шарча очилади, демак унда нимадир сақланиши керак. Ибодатга келганлар нимадир сақлаши мумкин. Истеъмол учун зарур нарса сақлаган бўлишлари мумкин.
Тўғри жавоб: Олис тоғ ҳудудларда иситиш тизимлари бўлмаган. Бу шарчанинг қопқоғи очилиб, ичига чўғ солиб қўйилган. Ибодатга келганлар қўллари совиб кетганда уни олиб қўлларида ушлаб туришган, шу орқали ибодатни ҳам осонлик билан қилишган.
1970 йилларда McDonald’s ресторанларида ҳар бир финжон чой ёки қаҳва ичига мана шу кўринишдаги қошиқлар тарқатилар эди. Негадир бу қошиқлар тез-тез йўқолиб қола бошлаган. 1979 йилга келиб бу қошиқлардан фойдаланишни буткул тўхтатишган. Бунга бир сабаб бўлган.
Диққат савол: Нима сабаб бўлган?
Жавобни Нурбек Алимов беради: Бу металлдан қилинган қошиқ ўзининг узунлиги билан ҳар хил машина ўғриларига қурол сифатида ишлатила бошланган. McDonald’s ўз логотипини криминал хабарларда кўришни хоҳламагани учун бу қошиқдан воз кечган.
Тўғри жавоб: Бу қошиқнинг ҳажми гиёҳвандларга жуда қўл келган. Бир доза гиёҳвандни ортиқча ўлчамасдан ҳам сотиш, ҳам истеъмол қилишга қулай бўлгани учун гиёҳвандлар олиб кета бошлашган.
Бошловчи: Машҳур рус ёзувчиси Михаил Шолохов асарларидан бирида бир кундалик жараённи у бир қараса тақдирга тан берган, енгилган одамдек шалвираб, бир қараса тиши билан ички азобни ушлаб тургандек, яна қаҳрли лунжини шишириб хунук тимсол касб этиб, яна бирдан ўз жонига қасд қилмоқчи одамдек кўзлари ҳам ола-кула бўлгандек тинимсиз ўзгаради деб таърифлаган.
Диққат савол: Адиб қайси жараённи шу тахлит тасвирлаган?
Жавобни Бобур Ёқубов беради: Бизнинг фикримизча бу устарада соқол олиш жараёни.
Тўғри жавоб: Соқол олиш жараёни
Ҳисоб: 4 - 4
Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
Тўғри жавоб: Тамаки компаниялари мижозларни ўрганиб чиқиб, уларни йил бошида йўқотишларини аниқлашган. Январ ойида йўқотишар экан. Чекувчилар Янги йилдан кейин ҳаётини тубдан ўзгартириш учун чекишни ташлайман деркан.