Дунё харитасининг Европа ҳудудида ҳам кичик Россия бор – Калининград. Албатта, бу вилоят кўпчиликка маълум. Лекин унинг Россия таркибига киришида ўзбекларнинг ҳам ҳиссаси борлиги ҳамда унинг бугунги Ўзбекистондаги ҳудудий бўлинишга ўхшаш томонлари ҳақидаги маълумотлар барча учун бирдек фойдали бўлиши табиий. Kun.uz ўтмишнинг қизиқ хотиралари ҳақида ҳикоя қилади.

700 ёшли тарихий шаҳар
Кёнигсберг. Германия шарқидаги тарихий ва гўзал шаҳар. 20-асрга қадар, ўзининг 700 йиллик тарихи мобайнида бир неча шаҳарларни ўз номи остида бирлаштирган Шарқий Пруссиянинг пойтахти Кёнигсбергда бир шаҳар учун керак бўлган барча инфратузилма йилдан йилга яхшиланиб бориши ортидан аҳолиси сони кўпайиб ҳатто Германиядаги энг биринчи, дунёдаги илк аэропортлардан бири ҳам шу ерда қурилган эди.

“Қасос” опреацияси
Аммо 2-жаҳон уруши даврига келиб, Кёнигсберг ҳам мухораба ўчоқларидан бирига айланди. 1944 йил 27-30 август кунлари Британия ҳарбий ҳаво кучлари томонидан шаҳарнинг оммавий бомбардимон қилиниши ортидан ҳўл ҳам, қуруқ ҳам бирдек ёнди. СССР иттифоқдошларидан бири бўлган Буюк Британиянинг Ҳитлер армиясига қарши уюштирган ушбу “Қасос” операциясида Кёнигсбергнинг тинч аҳолиси устига “бомбалар ёмғири” ёғдирилди. Натижада урушдан олдинги 370 минглик шаҳар аҳолисидан беш мингга яқини ҳалок бўлиб, 200 минг киши бошпанасиз қолди. 7 асрлик гўзал шаҳар вайрон бўлди.

Ҳисоб-китобларга кўра, Британия бомбардимонлари Кёнигсбергдаги саноат объектларининг 20 фоизини ва аҳоли уйларининг 41 фоизини вайронага айлантирган.
“Шарқий Пруссия” операцияси
Бу ҳали ҳаммаси эмасди. Орадан бир йил ўтар ўтмас, 1945 йилнинг 6 апрелида “Шарқий Пруссия” операциясига киришган совет қўшинлари фашистлар армиясига қарши ҳужум уюштиради. 3 кунда қўлга олинган Кёнигсберг мухорабасида руслар, украинлар ва кавказлик жангчилар қаторида Марказий Осиёлик аскарлар ҳам бор эди.























