Ўзбекистон | 07:44 / 09.10.2023
10079
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Афғонистондаги зилзила қурбонлари оилаларига ҳамдардлик билдирди

Афғонистон шимоли-ғарбидаги Ҳирот вилоятида содир бўлган зилзила оқибатида 2053 дан ортиқ одам ҳалок бўлди.

Фото: REUTERS/Ali Khara

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистоннинг ғарбий вилоятларида содир бўлган зилзила оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ва кенг кўламли вайронагарчиликлар юзага келгани муносабати билан расмий баёнот берди.

"Афғонистоннинг ғарбий вилоятларида кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлиши ва кенг кўламли вайронагарчиликларга олиб келган зилзила ҳақидаги хабар Ўзбекистонда чуқур қайғу билан қабул қилинди, – дейилади Ўзбекистон ТИВ баёнотида. – Зилзила қурбонларининг оила аъзоларига самимий ҳамдардлик билдирамиз, афғон халқининг қайғусига шерикмиз ва жабрланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаймиз. Ўзбекистон томони Афғонистон ва унинг халқи билан бугунги оғир дамларда биргадир".

Афғонистон шимоли-ғарбидаги Ҳирот вилоятида содир бўлган зилзила оқибатида 2053 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 9000 дан ортиқ киши жароҳатланган. 

АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, Ҳиротда 7 октябр куни маҳаллий вақт билан соат 11:00 атрофида (Тошкентда 10:30) 8 дақиқалик интервал билан зилзилалар содир бўлган. Ер силкинишлари магнитудаси 4,6 дан 6,3 баллгача бўлган.

Мавзуга оид