Жаҳон | 09:44 / 11.10.2023
9585
2 дақиқада ўқилади

Исроил бир кун ичида Ғазо секторига юзлаб ракета зарбалари берди

Исроил армияси бир кун давомида Ғазонинг ал-Фурқон ва ат-Туффа туманларида камида 450 нишон тор-мор этилганини эълон қилиб, уларни «террор уялари» деб атади. ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми қурбонлари сони 1000 кишидан ошди.

Фото: Mahmud Hams/AFP

11 октябр, чоршанбага ўтар кечаси Исроил мудофаа кучлари Ғазо шаҳридаги ал-Фурқон ҳудудига кун давомида учта ҳаво ҳужуми уюштириб, 450 нишонга зарба берганини маълум қилди. ЦАХАЛнинг X ижтимоий тармоғидаги (собиқ Twitter) постида бу ҳудуд «ҲАМАС ҳаракати Исроилга қарши ҳужумларини режалаштирадиган ва амалга оширадиган террорчилар уяси» сифатида тавсифланади.

Бошқа постда Исроил армияси Ғазонинг яна бир ҳудуди - ат-Туффага яна 70 та зарба бергани ҳақида хабар қилган. Бундан ташқари, ЦАХАЛ маълум қилишича, улар Фаластин яна бир гуруҳининг Ғазо секторидаги объектига зарба берган.

Исроил армияси 7 октябрдан бери Ғазо секторига ҳаво ва денгиз орқали зарба бериб келмоқда. Шу куни эрталаб ҲАМАС ҳаракати жангчилари аввалига Исроилни Ғазо секторидан ракеталар билан нишонга олди, сўнгра Исроил ҳудудига кирди. Исроил бунга жавобан ҲАМАС салоҳиятини йўқ қилиш учун ҳарбий операция бошлади ва Ғазо секторини тўлиқ блокадага олганини эълон қилди. 

Фаластин ва Исроилда ҳужум қурбонлари сони ортиб бормоқда 

Исроилда, KAN телеканалига кўра, тўрт кун ичида ҲАМАС ҳужумлари оқибатида камида 1200 киши ҳалок бўлган, яна 3000 га яқин одам жароҳатланган. ЦАХАЛ ушбу мавзу бўйича ўзининг сўнгги хабарида нисбатан эҳтиёткорроқ рақамларни тақдим этди: «1000 дан ортиқ» киши ҳалок бўлган ва «2800 дан ортиқ» одам яраланган. 

Фаластин томони 10 октябр оқшомида 7 октябрдан буён камида 900 киши ҳалок бўлгани, 4500 га яқин киши жароҳатлангани ҳақида хабар берган эди.

Мавзуга оид