Ўзбекистон | 17:26 / 11.10.2023
10444
2 дақиқада ўқилади

Исроилдаги элчихона: Мажбуран ушлаб турилганлар орасида ўзбекистонликлар борлиги ҳақида маълумот келиб тушмаган

Ҳозирда Ўзбекистон фуқароларини Исроилда рўйхатга олиш тезлаштирилган ва соддалаштирилган тартибда амалга оширилмоқда. 

Ўзбекистон элчихонаси Исроил ва Ғазо секторидаги можаро ҳудудларида мажбуран ушлаб турилганлар орасида ватандошлар борлиги ҳақида дипломатик миссияга маълумот келиб тушмаганини маълум қилди.

"Ўзбекистондаги айрим ОАВ  Исроил-Фаластин ҳарбий тўқнашувлар чоғида асирга олинган Ўзбекистон фуқаролари ҳақидаги тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмоқда, - дейилади мамлакатнинг Исроилдаги элчихонаси сайтида эълон қилинган баёнотда. - Сизга шуни маълум қиламизки, Элчихонага Исроил ва Ғазо секторидаги можаро ҳудудларида мажбуран ушлаб турилганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари борлиги ҳақида маълумот келиб тушмаган".

Қайд этилишича, ҳозирда Ўзбекистон фуқароларини Исроилда рўйхатга олиш тезлаштирилган ва соддалаштирилган тартибда амалга оширилмоқда. Элчихона Исроилда яшаётган Ўзбекистон фуқароларига яна бир бор мурожаат қилиб, тезкор алоқа ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида ўзларининг истиқомат манзиллари тўғрисидаги маълумотларни дипломатик ваколатхонанинг электрон манзилига жўнатишни сўраган.

Элчихонанинг алоқа маълумотлари: 03-672-2466, 03-672-2371, 03-758-5075, 03-758-5076, 054-4851397.

Элчихона маълумотига кўра, Исроилда 10 мингга яқин Ўзбекистон фуқароси истиқомат қилади ва вақтинча меҳнат фаолияти билан шуғулланади.

Мавзуга оид