23 ёшли асли сенегаллик Ҳабане Лейм қисқа қилиб айтганда «Ҳаби» ҳозир қуролланган қўриқчиларни четлаб ўтиб, қимматбаҳо нарсалар билан тўлиб-тошган замонавий қасрга кириб боради. Йўқ, нотўғри ўйламанг — TikTok’да энг кўп обуначига эга италиялик блогер жиноят йўлига кириб кетмади. 2019 йилда у Туриндан узоқ бўлмаган жойда заводда автомобил учун филтрларни йиғарди. Ҳозир эса ўртача ойлик аудиторияси 230 млн кишидан ошадиган компютер ўйини — Fortnite’нинг қаҳрамонига айланди.
«Буни энди бошлаганимда одамлар менга бошқа яхшироқ иш топишни айтишди. Бироқ мен видеоларни тасвирга олишни давом эттирдим. Чунки бу иш менга ёқарди, ҳатто видеоларимни ҳеч ким кўрмаган бўлса ҳам», — дея эслайди Ҳаби.

Ҳозир эса Ҳаби Лейм омма эътибори марказида. У тармоқларда машҳур бўлган мемлар, ҳар хил видеолар, кичик ҳажмли пародияларни TikTok’ка жойлайди. Баъзи ишларни мураккаблаштириб юборадиганларнинг устидан енгил кулади. Леймнинг видеолари коронавирус пандемияси вақтида шуҳрат қозонди. Ўшандан бери унинг роликлари TikTok’да 2,4 миллиард «лайк» йиғди. Бу эса унга 162 млн обуначи олиб келди. Instagram тармоғида унинг обуначилари айни дамда қарийб 81 миллионга етди.
У ўз мухлисларини бир сўз ишлатмай, шунчаки елка ҳаракатлари ва маънога тўла нигоҳлари билан йиғган. Лейм ўз даврининг Чарли Чаплинига айланди. Унинг видеолари эса мамлакати, маданияти, тилидан қатъи назар миллионлаб, мухлисларга кайфият бағишлаяпти.
2023 йилда Ҳаби қатор машҳурлар билан видеоларга олишга улгурди. Жумладан, актёрлар Метт Деймон, кичик Роберт Дауни ҳамда Том Круз билан.
Бундан ташқари, у футбол афсоналаридан бири Девид Бекҳэмдан пеналтидан зарба беришни ўрганиб, суғурта гиганти State Farm’нинг реклама кампаниясида иштирок этди.
State Farm маркетинг бўлими раҳбари Элисон Гриффинга кўра, компаниянинг Ҳаби билан ҳамкорлиги узоқ муддатга мўлжалланган. У бренд учун хавфсиз ва ўзгачалиги сабаб танланган. Ҳаби тушган реклама ролиги TikTok’да 220 млн марта кўрилган.
Лейм учун сукунат — олтин. Forbes ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йил июнидан бери Ҳаби 16,5 млн доллар ишлаб олган. У бу вақт давомида Hugo Boss, Binance, QNB, Fortnite каби брендлар билан ҳамкорлик қилган. Унинг TikTok ёки Instagram’даги реклама пости нархи айни дамда 750 минг долларни ташкил қилади. Ўз маҳсулотини реклама қилмоқчи бўлган бренд аввалоси Ҳабининг имижига тўғри келиши, шунингдек, бутун оилага манфаатли бўлиши лозим.














