Иқтисодиёт | 16:13 / 13.10.2023
26755
2 дақиқада ўқилади

Икки ҳафта ичида Ўзбекистонда банан нархи 14 фоизга ошди – EastFruit

Охирги икки ҳафта ичида Ўзбекистонда бананнинг ўртача улгуржи нархи 14 минг сўмдан 16 минг сўмгача қимматлашган. Шундай бўлса-да, ушбу нарх 2020-2022 йилларнинг мос даврига нисбатан энг паст кўрсаткич ҳисобланади.

Фото: Getty Images

Ўзбекистонда бананнинг улгуржи нархи кетма-кет иккинчи ҳафта ҳам ошди ва ўртача нарх умумий ҳисобда 14 фоизга қимматлашди. Шундай бўлса-да, ҳозирги нархлар ўтган йилнинг мос даврида қайд этилган даражадан паст, дея таъкидламоқда EastFruit экспертлари. 

«2023 йил 22 сентябрдан 6 октябргача Ўзбекистонда бананнинг ўртача улгуржи нархи ҳар 1 кг учун14 000 сўмдан 16 000 сўмгача (1,15 доллардан 1,31 долларгача) ошди, бу сўнгги 5,5 ой ичида ушбу маҳсулотлар нархининг биринчи сезиларли ўсиши бўлди. Апрел ойининг учинчи ўн кунлигидан жорий йилнинг июн ойи охиригача бананнинг улгуржи нархи барқарор равишда пасайиб борди, кейин сентябр ойининг иккинчи ўн кунлигининг охиригача ўртача нарх деярли бир хил даражада сақланиб қолди», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, мамлакатдаги улгуржи банан нархи ўтган йиллардаги даражадан пастлигича қолмоқда. Хусусан, 2023 йил 6 октябр ҳолатига кўра, ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархи 2020-2022 йилларнинг шу санасида қайд этилган даражага нисбатан энг паст кўрсаткични ташкил қилган.

Аввалроқ, 2023 йил апрел-июн ойларида Ўзбекистонга 37,9 минг тонна банан импорт қилингани, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 63 фоизга, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан эса 2,8 баробарга кўп экани хабар қилинганди.

Мавзуга оид