Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида ҳудудлараро муносабатларни фаоллаштириш мақсадида Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботир Нуриддинов бошчилигидаги делегация ушбу мамлакатда амалий сафар билан бўлиб турибди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Ўзбекистон вакилларининг илк манзили Жанубий Кореянинг Пуё шаҳри бўлди. Делегация аъзолари ушбу шаҳар ҳокими Парк Жун Хун билан ўтказган музокараларида томонлар ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, аввал келишилган лойиҳаларни жадаллаштириш, лойиҳаларни юритиш бўйича Ишчи гуруҳ ташкил этиш ҳамда «Йўл харита»сини ишлаб чиқишга келишиб олди.

Учрашув сўнггида Наманган вилояти билан Пуё шаҳри ўртасида туризм ва маданий соҳада алоқаларни ўрнатиш бўйича, Чуст туманида 1000 гектар ўзлаштирилмаган ерларни ўзлаштириш ҳамда етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини Наманган шаҳрида қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспорт қилиш логистика маркази ташкил этиш бўйича қиймати 10 миллион АҚШ долларига тенг бўлган келишувлар имзоланди. 

Сафар давомида Пуё бўйича етиштириладиган қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг уруғ, тупроқ, сув ва бошқа тегишли лаборатория таҳлиллари олиб бориладиган Пуё агро-технологиялар маркази, ақлли иссиқхонада помидор етиштириш, замонавий услубда қўзиқорин, шоли етиштириш ва ундан гурунч тайёрлаш ва қадоқлаш фермер хўжаликлари, чорвачилик учун минераллар билан тўйинтирилган, мол гўштини сифатини оширадиган озуқа етиштириш корхонаси фаолияти билан танишилди.