Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16 октябр куни Самарқанд шаҳрида Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош ассамблеясининг 25-сессияси очилиш маросимида иштирок этди.
Глобал сайёҳлик ташкилотининг 140 дан зиёд мамлакат вакиллари иштирокида 20 октябр кунига қадар давом этадиган бош тадбирида давлатимиз раҳбари соҳани янада ривожлантириш бўйича бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Ўзбекистон етакчиси туризм соҳаси жаҳон иқтисодиётининг энг тез ривожланаётган ва истиқболли тармоқларидан бири эканини қайд этди. Ўзбекистонда ҳам мамлакатни модернизация қилиш бўйича кенг кўламли ва ортга қайтмас ислоҳотлар доирасида туризм тармоғини ривожлантиришга устувор эътибор қаратилмоқда.
Кейинги йилларда салкам юзта мамлакат фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш тизими, яна 55 та давлат фуқаролари учун соддалаштирилган электрон виза тартиби жорий этилди.
Сайёҳлик бизнесининг барча турларини юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратилди, солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилди, кредит ва молиявий ёрдам кучайтирилди. Пандемия чекловларига қарамасдан, икки йил давомида 800 та инфратузилма лойиҳаси амалга оширилди.
Меҳмонхона ўринлари сони 140 мингтага етказилди, 70 та янги сайёҳлик маршрути очилди, 6 та хусусий авиакомпания иш бошлади.
Натижада Ўзбекистонга келаётган хорижлик сайёҳлар сони икки баробар кўпайди. Туризм экспортидан тушаётган даромад 4 баробар ўсди. Ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилда мамлакатимизга жами 7 миллион сайёҳ ташриф буюради. Ушбу кўрсаткични 2030 йилга бориб 15 миллионга, ички туризм оқимини эса 25 миллионга етказиш режа қилинган.
Олиб борилаётган кенг кўламли ишлар жаҳон ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлмоқда. Жумладан, Ўзбекистон энг тез ривожланаётган туризм маскани ва энг хавфсиз давлат сифатида халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгаллаб келмоқда.
Ўзбекистон раҳбари Туризмни 2030 йилгача комплекс ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилаётган стратегияда замонавий туризм ва транспорт инфратузилмасини яратишга устувор аҳамият қаратилишини таъкидлади. Юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган янги автомобиль ва темир йўллар қурилади, авиатранспорт парки 2 баробар кенгайтирилади, авиақатновлар сони тўрт баробар оширилади. Катта шаҳар ва сайёҳлар кўп борадиган манзилларда 30 та йирик туризм кластерлари ташкил этилади.



















