А гуруҳи

Испанлар шотландлардан қасдини олди

Испания — Шотландия 2:0
Голлар: Мората (73), Сансет (86). 
Испания – Симон, Карвахал (Навас, 67), Лапорт, Ле Норман, Балде (Ф.Гарсия, 46), Мерино (Сансет, 67), Родри, Гави, Ойарсабал (Сарагоса, 46), Торрес, Мората (Хоселу, 85).
Шотландия – Ганн, Ҳики, Маккенна, Ҳендри, Портеус (Гилмор, 87), Робертсон (Паттерсон, 44), Макгинн, Кристи (Армстронг, 79), Макгрегор (Маклин, 87), Мактоминей, Дайкс (Адамс, 79)

Факт шуки, Севилядаги ўйинга Испания эмас, балки саралаш циклида сенсация кўтариб, беш ўйинда беш ғалабага эришган Шотландия гуруҳнинг яккапешқадами сифатида етиб келди. Британияликлар «Қизил фурия»нинг саралаш босқичларидаги 22 ўйидан иборат мағлубиятсиз сериясига барҳам берганди, пиренеяликлар эса қасос олиш ўтида ёнаётганди. Биринчи ҳужумдаёқ Ферран Торрес ҳисобни очганида испанлар таркибидаги муаммолар ҳақида ҳеч ким эслаб ўтирмасди.

Аммо у хато зарба берди, Моратанинг голи эса офсайд туфайли бекор қилинди ва танаффусга қадар ҳисоб очилмай қолди. Мудофаа етакчиларидан бири Тирнисиз ўйнаган меҳмонлар эса жароҳат туфайли ўз сардори Робертсондан айрилди. Чунки шотландлар бўлим давомида ҳимояда ўйнади, тўпсиз ҳаракатланишга мажбур бўлди ва илк бор 45 дақиқаликда дарвоза соҳасига бирор марта зарба йўллай олмади.

Бу сафар ҳам Мактоминей қаҳрамонга айланиши мумкин эди. Ўтган ҳафта охирида захирадан тушиб икки гол урган ҳолда «МЮ»га ғалаба келтирган яримҳимоячи жарима зарбасидан айланма зарба йўллади ва бурчакни аниқ нишонга олди. Аммо VAR офсайдда қолган Ҳендри дарвозабонга халал берган деб топди ва барчасини йўққа чиқарди.

Якунда Испания барибир рақибни таслим этди. Иккинчи бўлимда майдонга тушиб, миллий жамоадаги дебютини ўтказган футболчилар, жумладан, дам олиш кунларида «Барселона» дарвозасига икки гол йўллаган Сарагоса ўйинга импулс берди. Натижани эса тажрибали жокерлар таъминлашди — 37 ёшли Хесус Навас қанотдан Моратага идеал узатма берди. Шотландия илк мағлубиятидан қутулишга ҳаракат қилди, аммо ўйин охирида қанотда тойиб кетган Ҳики Сансетга дебютини гол билан нишонлаш имконини тақдим этди.