Бизда ажрашган эр-хотинлар судни жуда ёмон қабул қилади, кўпчилиги қасдлашиш оқибатида алимент тўламай қўяди. Натижада боланинг кейинги ҳаётини ўйлаб, унинг таъминоти ва тарбияси борасида келишув қилинмайди, “ажрашиш маданияти” етишмайди, дейди МИБ бўлим бошлиғи Насимхон Бурхонов. Маълум қилинишича, бугун кунда МИБ ижросида ўртача 300 мингта алимент иши бор, ҳар бир ходимга ойида 100 тадан алимент иши тўғри келмоқда.

Kun.uz мухбири Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси бўлим бошлиғи Насимхон Бурхонов МИБ фаолияти юзасидан суҳбат уюштирди. Бурхонов МИБ ижросида бўлган кичик ишлар ва оилавий-маиший масалаларга тўхталиб ўтди.

— Чет эллик, яъни европалик ҳамкасбларимиз билан мулоқотда сизларда ҳам алимент бўйича муаммолар борми, деб сўраганмиз. Улар бизда бундай ҳужжатлар деярли йўқ, деб жавоб берган. Чунки уларда ажрашиш бўйича ҳам маданият шаклланган. Эр-хотин бирга яшолмаса ҳам, болаларининг тақдири, кейинги келажаги масаласида келишувга эришади. Айтишади-ку, собиқ эр ёки хотин бўлиши мумкин, лекин собиқ фарзандлар бўлмайди. Суд ҳам шу маданият доирасида бўлади. Қонунчиликда алимент тўлаш бўйича нотариал тасдиқланадиган келишув ҳам бор.

Бизда эса собиқ эр-хотинлар судни жуда ёмон нарса сифатида қабул қилиб, баттар ўчакишиб, душман бўлиб қолади. Алимент тўламаслик ҳам ўчакиш оқибатида юзага келади. Ўртада болалар тақдири қолиб кетади. Шунинг учун келишув институтларини шакллантириш керак. Биз яна бир амалиётни йўлга қўйдик. Арзимаган сабабларга кўра ажрашиб кетган, ҳозир сарсон бўлиб юрган эр-хотинларни яраштиряпмиз, гарчи ваколатимизга кирмаса-да. Агар оилани умуман сақлаб қолиш имкони бўлмаса, ажрашишларда икки томонга рағбатлар бериб, келишувга имкон яратиб, маданият билан ажрашадиган қилиш керак. Алимент ундириш – қонунбузарликка мойил, ҳақиқий тўламаётганлардан бўлиши керак. Принципиаллик қилиб атай тўламай юриш... [бўлмаслиги керак]. Ўзи умуман, алимент, коммунал тўлов, ҳайдовчилар жаримаси кабилар МИБгача етиб келмаслиги, бошқача механизм бўлиши керак. Чунки бу турдаги ундиришлар давлат ва фуқаролар ўртасида таранглик келтириб чиқаради. Бизнинг юклама ҳам камаяр эди. Ҳозирда МИБда ҳам замонавий ишлаш тизимларига ўтиляпти масалаларни осон ҳал қилиш учун.

– Суҳбат давомида айтдингиз, ундирувда майда ишлар сони жудаям кўп. Умуман МИБда кичик суммадаги ва маиший-оилавий масалалар билан боғлиқ иш ҳужжатлари қанчани ташкил қилади?