Ўзбекистон Республикаси президенти Ш.Мирзиёев 18 октябр куни Пекин шаҳрида «Бир макон — бир йўл» халқаро форумининг очилиш маросимида ҳамда «Инсон ва табиат уйғунлиги йўлида «Яшил ипак йўлини» биргаликда барпо этиш» мавзусидаги ялпи йиғилишида иштирок этди.
Хитой вице-президенти Ҳан Женг модераторлигида ўтган саммит ишида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, давлат ва ҳукуматлар етакчилари, молиявий институтлар раҳбарлари ҳам қатнашди, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Президентимиз ўз нутқида барча иштирокчиларни «Макон ва йўл» ташаббусининг ўн йиллиги билан самимий қутлади.
Буюк ипак йўлини қайта тиклашга қаратилган ушбу улуғвор ғоя тарихан қисқа даврда кўплаб тарафдорларига эга бўлгани ва халқаро ҳамкорликнинг янги моделига айлангани таъкидланди.
Хитойнинг ҳар томонлама стратегик шериги сифатида Ўзбекистон биринчилардан бўлиб «Макон ва йўл» ташаббусини қўллаб-қувватлаган ва мазкур ташаббуснинг асосий мақсад ва вазифаларини янада илгари суришнинг қатъий тарафдоридир.
Давлатимиз раҳбари «Яшил ипак йўли» ташаббуси моҳият эътибори билан умумий «яшил» келажак кун тартибини шакллантиришини таъкидлади.
ХХР Раиси Си Жинпинг томонидан илк бор 2016 йилда айнан бизнинг мамлакатимизда илгари сурилган ушбу ташаббусни Ўзбекистон ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.
Минтақамиздаги аномал об-ҳаво шароитлари, тез-тез юз бераётган қурғоқчилик ва чанг бўронлари, ерларнинг шиддат билан деградацияга учраши ва чўлланиши, биохилма-хилликнинг йўқолиши кўринишида намоён бўлаётган мураккаб экологик вазиятга тўхталиб, давлатимиз раҳбари Марказий Осиё жаҳондаги иқлим ўзгариши оқибатларидан энг кўп зарар кўраётган минтақалардан бири эканини қайд этди.
Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган махсус резолюция доирасида Оролбўйида экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудларини яратиш бўйича кенг кўламли дастурни амалга ошираётгани таъкидланди.

Шу маънода, жорий йилнинг сентябрь ойида БМТ Бош котиби ташаббусига кўра ўтказилган Иқлим ўзгариши билан боғлиқ улкан вазифалар саммити якунларига юқори баҳо берилди.
















