Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон Қўштепа канали қурилиши юзасидан Афғонистонга ҳукумат делегациясини юборади
Ташриф йил охиригача амалга оширилиши режалаштирилмоқда.
Афғонистоннинг «Толибон» ҳукумати томонидан қурилаётган Қўштепа канали юзасидан Ўзбекистон ҳукумати делегацияси тузилмоқда ва у музокара ўтказиш учун йил охиригача Афғонистонга юборилади. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов маълум қилди.
Ҳоким канал қурилишининг вилоятга таъсири борасида гапираркан, у Ўзбекистон эмас, Тожикистон чегарасида қурилаётгани, шундай бўлсада барчага бирдек таъсир қилишини таъкидлади.
«Ҳозирча улар [Афғонистон томони] канални очгани йўқ, кеча кўрсатганлари бу сизот (еростидан сизиб чиқадиган) сувлари эди. Дарёда қурилиш ишларини тўлиқ якунланмади. Бироқ, хоҳлаймизми, йўқми, сув ҳажмига таъсири қилади, камайишига олиб келади. Ўзлаштириш учун ҳали йиллар керак, канални қуришнинг ўзи бўлмайди. Канални қазганда мутахассислар билан қилиш керак. Улар ҳали ерни ўзлаштиргани йўқ, ер ўзлаштирилиб, сувни ишлатиш жойи бўлиши керак. Ўзлаштириш ҳам катта маблағ талаб қилади. Биз сувнинг бошидамиз, ҳаммага таъсири бўлади, албатта. Унгача [масала] ҳукуматлараро [даражада] кўриб чиқилади», деди Улуғбек Қосимов.
Вилоят ҳокими ҳолатни ўрганиш мақсадида президент топшириғи билан ҳукумат делегацияси тузилаётганини, унда ўзи ҳам борлигини маълум қилди.
«Борсак, бу масалани [сув тақсимотини], албатта, кўтарамиз. Ҳозир қачон бориш масаласи кўриб чиқилмоқда, уларга хатлар юборилган, [ташриф] бир-бир ярим ой ичида бўлиб қолади», деди у.
Қўштепа канали Афғонистоннинг Балх вилояти Калдар туманидан бошланиб, Жаузжон вилоятидан ўтиб, Фарёб вилоятининг Андхой туманигача етиб боради. Унинг узунлиги 280 километрни, эни эса 100 метрни ташкил этади.
2023 йил июн ойида Ўзбекистон сув вазири Шавкат Ҳамроев Қўштепа канали орқали Афғонистон 300 минг гектарни суғормоқчи экани, бунга 4−5 млрд куб метр сув етиши, Ўзбекистон мана шу миқдор сақланиб қолишига интилишини айтган эди.
Шавкат Мирзиёев 15 сентябр куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида мазкур канал ҳақида гапирар экан, «Моҳият-эътиборига кўра, минтақамизда сувдан фойдаланиш жараёнида бизнинг мамлакатларимиз билан ҳеч қандай мажбурият асосида боғланмаган янги иштирокчи пайдо бўлди», деди.
Каналнинг ишга туширилиши «Марказий Осиёдаги сувдан фойдаланиш тартиби ва мувозанатини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин», деб таъкидлади ва канал қурилишининг барча жиҳатларини ва унинг Амударёнинг сув режимига таъсирини ўрганиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузишга чақирди.
12 октябр куни Қўштепа канали қурилишининг 2-босқичига старт берилди. Очилиш маросимида сўзга чиққан «Толибон» расмийлари минтақа давлатлари, хусусан, Ўзбекистондан Қўштепа канали қурилиши бўйича ташвишланмасликни сўради. Улар Афғонистон минтақавий муаммоларни дипломатик алоқалар орқали ҳал қилишга тайёрлигини билдирди.
Мавзуга оид
09:15 / 23.06.2026
Белгия «Толибон» вакилларига виза берди
17:54 / 10.06.2026
Покистон Афғонистон бўйлаб ҳаво зарбалари берди: 26 киши ҳалок бўлган
17:37 / 09.06.2026
Афғонистонда давлат хизматчиларига смартфондан фойдаланиш тақиқланди
09:00 / 03.06.2026