Навбатдаги ҳаётий ҳикоя қаҳрамони бўлган отахон билан тасодифан танишиб қолдик. У анча киришимли одам экан, дарров суҳбатимиз қизиди. Суҳбат асносида отахон яқингача бу ҳаётда нега яшаб юрганимни ўзим ҳам билмаганман», деб қолди.

Синчковлигимга бориб, унинг бошидан кўп гаплар ўтганини дарров сездим. Ундан энди тафсилотларни сўрамоқчи бўлиб тургандим, ўзи «агар вақтингиз бемалол бўлса, мени тўғри йўлга қайтарган бир машъум воқеани айтиб бераман», деб қолди. Рози бўлиб бош ирғадим. Отахон ҳикоясини бошлади.

«Қишлоғимиз тоғли туманлардан бирида жойлашган. Биз томонларда каклик ва бедана жуда кўп бўлади. Ёшликдан уларни овлаб катта бўлдик.

Каклик ҳамда беданаларни боқишга ва уриштиришга қизиқишим ўша пайтда бошланган. Кейин бу иш ҳаёт тарзимга айланди ва уйланиб бола-чақали бўлганимда ҳам давом эттирдим.

Дала ишларини хотиним ҳамда болаларим қилишарди ва менинг каклик ҳамда бедана уриштириб юришим ортидан рўзғор ташвишлари уларнинг гарданига тушиб қолганди.

Ўша пайтларда бедана ва какликларни уриштиришга тайёрлаш учун жуда кўп вақтим кетарди. Эрта тонгда туриб, уриштириш учун тайёрлаётган какликни соатлаб югуртирардим. Бунда қафасга макиённи солиб, жангчи какликни қўйиб юборардим. У макиёнга етишиш учун ўзини қафасга ураверади.

Сўнг қафасни олиб югурардим, жангчи каклик макиёнга етишиш учун ортимдан чопарди. Шу тарзда ҳар куни соатлаб машқ қилардик. Бу машқ жангчи каклик рақиби билан уришаётанда тез чарчаб қолмаслиги учун қилинарди.

Бундан ташқари, жангчи какликка ўзим ҳам емайдиган, болаларим бир йилда бир марта кўрмайдиган писта, бодом, ерёнғоқ, ўрик мағиз каби қуруқ меваларни майдалаб едирардим. Беданалар ҳам жангга шундай тайёрланарди.

Бундай нарсалар алоҳида жойда турарди ва болаларим унга қўл теккизиши мумкин эмасди. Бир марта ҳали мактаб ёшига етмаган ўғлим каклик ва беданага деб олиб қўйилган қуруқ мевалардан бир ҳовуч олганда кўриб қолиб уни ургандим.

Жангга тайёр бўлган каклик ёки беданани яширинча «арена»да уриштирардик. Ҳафтада бир кун ўтказиладиган жангларда катта пуллар тикиларди.

Бир-иккита жангни ютган каклик ёки бедананинг нархи кўтарилиб кетар ва унга харидор кўп бўларди. Шунда баъзиларини сотиб юборардим ва пулларни бошқа ёш каклик ва беданаларни тарбиялашга сарфлардим

Айрим пайтларда икки-учта жангни ютган каклигим кейинги жангда ютқазар, шунда уни катта пулга сўраб турганлар олмасди. Шундай пайтларда кайфият бузилиб, бор аламни уйдагилардан олардим.