Украинада урушнинг 605-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Генерал-полковник Виктор Афзалов расман Россия ҳаво-космик кучлари бошлиғи этиб тайинланди. У бу лавозимда Сергей Суровикин ўрнини эгаллаган.
  • Малтада ноябр ойи охирида Глобал жануб мамлакатлари иштирокида Украина бўйича учинчи тинчлик саммити бўлиб ўтади.
  • Володимир Зеленский Ражаб Тоййиб Эрдўған билан телефон орқали мулоқот қилди.
  • Украина ҚК маълумотига кўра, мамлакат шимолида пиёдаларга қарши 500 мингта мина ўрнатилган.
  • Ростов областида ўтган кун давомида икки бор ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишга тушди.
  • Россиялик ҳарбийлар Кривий Риҳни ўққа тутди. Бир киши ҳалок бўлган, саноат инфратузилма объекти шикастланган.

Чернобилдаги ҳаёт тарзи

Чернобил ёт ҳудуди — Чернобил АЭС атрофида 30 километр радиусдаги ҳудуд. Бу ҳудуд аҳолиси 1986 йил станцияда рўй берган авариядан кейин эвакуация қилинганди. 2022 йил февралида Россия қўшини босқинининг илк кунларида зонанинг катта қисми (жумладан, станциянинг ўзи ҳам) эгаллаб олинганди, аммо март ойи охирига келиб улар ЧАЭС ҳудудидан чекинади. Бу давр ичида аҳоли яшаш манзилларига олиб борувчи кўприклар портлатилган. Қатор қишлоқлар қуруқлик орқали таъминотдан узилиб қолган — бу ҳудудларда асосан 1986 йилда ҳам ўз уйини тарк этишдан бош тортган кекса ёшли кишилар яшайди. Қуйида уларга бугунги кунда қандай кўмак кўрсатилаётгани акс этган суратлар.

Украиналик ҳарбий хизматчилар Чернобилдаги ёт ҳудудда жойлашган қишлоққа қайиқда етиб олмоқда. Улар бу ерга озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб туришади
Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA
89 ёшли Иван Троянок ўз ҳудуди яқинида украиналик ҳарбийлар билан суҳбатлашмоқда
Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA
Иван Троянкнинг уйига ёрдам олиб келган украиналик ҳарбийлар 
Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA