ҲАМАС ҳаракати аъзоларининг Исроилга қонли ҳужумидан буён икки ҳафтадан ошиқ вақт ўтди.

Ўшанда дарҳол барчанинг эътибори Исроилни йўқ қилиш ғояси бирлаштирадиган ҲАМАСга ҳам, «Ҳизбуллоҳ»га ҳам ҳомийлик қилувчи Эронга қаратилганди.

Эрон кўмагига таянадиган «Ҳизбуллоҳ» урушга кириши мумкинми? BBC шарҳловчиси Ксения Гогитидзе ушбу масалани таҳлил қилди.

7 октябрдан буён ушбу гуруҳ жангарилари ва Исроил ҳарбийлари ўзаро зарбалар алмашмоқда, аммо отишмалар ва тўқнашувлар кўламли сўнгги вақтларга қадар чекланган даражада қолаётганди.

Ўтган ҳафта охирида вазият кескинлашишда давом этди. Жума куни исроиллик расмийлар Ливан билан чегара яқинидаги Кирят-Шмон шаҳридан одамларни эвакуация қилиш бўйича топшириқ берди. Шанба куни «Ҳизбуллоҳ» бир вақтнинг ўзида Исроилнинг бир неча ҳарбий объектларига ҳужум қилди, исроилликлар авиацияси ва қуруқлик кучлари «Ҳизбуллоҳ» позициялари бўйлаб зарбалар йўллаш билан жавоб қайтарди. Отишмалар якшанба куни ҳам давом этди. Ливанликлар ҳам чегара ҳудудларни тарк этишга қарор қилган.

Яқин кунларда чегарадаги кескинлик даражаси ортиб бориши мумкин, аммо «Ҳизбуллоҳ» ҳеч бўлмаганда ҳозирча очиқчасига можарога қўшилмайди, деган хулосага келмоқда экспертлар.

ҲАМАС Исроилга ҳужум қиларкан, аввалбошдан минтақадаги бошқа радикал гуруҳлар, биринчи навбатда «Ҳизбуллоҳ»нинг ёрдамига умид боғлаганди ва ҳозирда ўзини ташлаб қўйилгандек ҳис қилмоқда, дея тахмин билдирган L’Orient-Le Jour газетаси.

ҲАМАС асосчиларидан бири бўлган Холид Машал ўтган ҳафтада «Ҳизбуллоҳ»га қилаётган ишлари учун миннатдорчилик билдирди, аммо бу «етарли эмаслиги»ни қўшимча қилди.

Нимани сўнгги томчи дейиш мумкин?

«Ҳизбуллоҳ» аъзоларининг 2023 йил майидаги машғулотлари

Ўз навбатида, «Ҳизбуллоҳ» Исроил маълум бир «қизил чизиқ»ни кесиб ўтмагунича можарода бевосита иштирок этишдан манфаатдор эмаслигини билдирган, лекин бу нимани англатишига аниқлик киритилмаган.

Саудиядаги нашрлар «Ҳизбуллоҳ»га яқин манбаларига таянган ҳолда қуйидагиларни қизил чизиқлар деб ҳисоблаш мумкинлигини тахмин қилган: 1) Ғазода қуруқлик амалиёти бошланиши; 2) қурбонлар сони ақлга сиғмас даражада ошиб кетиши; 3) гуруҳнинг Эрон «қаршилик ўқи» таркибига кирувчи раҳбарларидан бири ўлдирилиши; 4) «Ҳизбуллоҳ» позицияларига ҳужумлар.