Жаҳон | 10:31 / 28.10.2023
8566
4 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Хитой Байден ва Си Жинпинг ўртасидаги учрашувга тайёргарлик кўрмоқда

Си Жинпинг ноябр ойида APEC (Asia-Pacific Economic Cooperation) саммитида иштирок этиш учун АҚШга келиши кутилмоқда. Буни кутган ҳолда Жо Байден Хитой ташқи ишлар вазири Ван И билан учрашди.

Фото: Reuters

27 октябр, жума куни Оқ уй веб-сайтида эълон қилинган баёнотга кўра, Қўшма Штатлар ва Хитой Хитой раиси Си Жинпинг ва Америка президенти Жо Байден ўртасида учрашув ташкил этиш устида биргаликда ишламоқда. Давлат раҳбарларининг учрашуви 11-17 ноябр кунлари Сан-Францискода APEC (Asia-Pacific Economic Cooperation) саммити доирасида бўлиб ўтиши керак, дейилади хабарда

Байден 27 октябр куни Вашингтонда Хитой ташқи ишлар вазири Ван И билан учрашди. У ҳар икки давлат очиқ мулоқот каналларини сақлаб туриши ва «ўзаро муносабатлардаги рақобат масалаларига масъулият билан ёндашиши» кераклигини таъкидлади. Бундан ташқари, Америка етакчиси Пекинни «глобал муаммоларни» ҳал этишда биргаликда ишлашга чақирди ҳамда Хитой давлат кенгаши собиқ бош вазири Ли Кэцяннинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

Ван И Блинкен ва Салливан билан Хитой-АҚШ муносабатларини муҳокама қилди 

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари 26 октябр куни АҚШга уч кунлик ташриф билан келди. У АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан икки марта учрашди. Сиёсатчилар музокаралар ортидан ҳеч қандай баёнот бермади, бироқ улар бошланишидан олдин Ванг И АҚШ ва Хитой ўртасида нафақат келишмовчиликлар, балки умумий манфаатлар ҳам борлигини, «ҳар икки давлат ҳам кенг қамровли мулоқотга муҳтожлигини» таъкидлади. 

Бундан ташқари, Хитой вазирини АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан қабул қилди. Учрашувда «АҚШ ва Хитой ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг асосий масалалари, Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги можаро, Россиянинг Украинага қарши уруши» ҳамда Пекин ва Тайван ўртасидаги кескин муносабатлар муҳокама қилинди, дейилади Оқ уй матбуот хизмати хабарида. 

Reuters агентлигининг қайд этишича, Ван Ининг сафари юқори мартабали хитойлик сиёсатчининг АҚШга сўнгги йиллардаги биринчи ташрифи бўлди. Шу билан бирга, 2023 йил июн ойида Пекин Байден ўз баёнотларидан бирида Хитой раҳбарини «диктаторлар»га тенглаштирганидан кейин уни кескин танқид қилган эди.

APEC саммитига Россия ҳам таклиф этилган 

Байден ва Си учрашиши кутилаётган APEC саммити ҳар йили блокка кирувчи 21 та давлатдан бирининг ҳудудида ўтказилади. APEC йиғилишларида анъанавий равишда унга аъзо мамлакатлар раҳбарлари иштирок этади. 

APEC таркибига Россия ҳам киради, бироқ Россия президенти Владимир Путин блокнинг 2022 йилда Бангкокда бўлиб ўтган навбатдаги саммитига боришдан бош тортди – тадбирда мамлакатни бош вазирнинг биринчи ўринбосари Андрей Белоусов тақдим этди. Ушбу учрашув натижасида унинг иштирокчилари Россиянинг Украинага қарши урушини қоралади. 

Сентябр ойида Оқ уй Россия Сан-Франциско саммитида иштирок этса-да, Путин тадбирга бевосита таклиф этилмаслигини билдирган эди. Вашингтон ўз қарорини «санкция чекловлари» билан изоҳлади. Владимир Путиннинг мамлакатга ташрифини ташкил этиш ҳам қийин бўлиши мумкин, чунки Халқаро жиноий суд илгари уни ҳибсга олиш учун ордер берган - бунинг фонида Путин 2023 йилда бир қатор хорижий сафарлардан бош тортган эди. 

Мавзуга оид