Жаҳон | 14:50 / 29.10.2023
9699
3 дақиқада ўқилади

«Дўстлар» сериали юлдузи Мэттю Перри вафот этди

Америкалик актёр, «Дўстлар» телесериалидаги Чендлер Бинг роли билан машҳурликка эришган Мэттю Перри 54 ёшида вафот этди.

Фото: «Дўстлар» сериалидан кадр

Америка нашрлари ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаларга таяниб берган хабарга кўра, актёр Лос-Анжелесдаги уйидан жонсиз ҳолда топилган.

Перрининг ўлими ҳақида биринчи бўлиб хабар берган LA Times ва TMZ нашрларига кўра, актёр уйидаги жакузида ҳушидан кетган, хонада зўравонлик излари бўлмаган.

Ню-Йоркда яшовчи олти ёш одам тақдири ҳақида ҳикоя қилувчи «Дўстлар» сериали 1994 йилдан 2004 йилга қадар эфирга узатилган.

Сериалнинг сўнгги эпизодини АҚШда 52,5 млн киши томоша қилган, бу эса уни ўша вақтдаги энг кўп кўрилган телесериалга айлантирган.

«Мэттю ниҳоятда қобилиятли актёр ва Warner Bros. Television Group оиласининг ажралмас қисми эди, – дейилади сериални тасвирга олган телекомпания таъзиясида. – Унинг комедия истеъдодини бутун дунёдагилар ҳис қилган, унинг мероси кўплаб кишилар қалбида яшайди. Бу жуда оғир кун».

Перри 1969 йилда Массачусетс штатида туғилган, аммо унинг болалиги Канаданинг Оттава шаҳрида ўтган, у шу ерда кейинроқ Канада бош вазирига айланган Жастин Трюдо билан битта мактабда ўқиган.

Ўсмирлик чоғида Перри Лос-Анжелесга келади. У «Бола бола бўлиб қолади» филмида Чезза Рассел ролини ўйнайди, шунингдек сериалларда суратга тушади.

Аммо унга халқаро миқёсдаги шуҳратни «Дўстлар» комедия сериали келтиради, у бу сериалда Женнифер Энистон, Кортни Кокс, Дэвид Швиммер, Мэтт Леблан ва Лиза Кудроу каби юлдузлар билан бирга ўйнаган. «Дўстлар» барча замонларнинг энг муваффақиятли сериалларидан бири бўлиб қолади.

2022 йилда Перри «Дўстлар, севимлилар ва катта қўрқинчли нарса» номли автобиографиясини эълон қилганди. Китобда актёр ўз актёрлик фаолияти, романтик муносабатлари, Женнифер Эннистонни севиб қолгани ва рад этилгани, шунингдек, кўп йиллар давомида алкогол ва гиёҳванд моддаларга қарамликка қарши курашгани ҳақида айтиб берган. 

Мавзуга оид