Ўзбекистонликларнинг ўртача ойлик маоши маълум қилинди, инфляцияни 5 фоизга тушириш камида 2-3 йилга чўзилади, ўзбек сўмининг янги рамзини ишлаб чиқиш устида иш бошланган, ташқи савдо айланмасида Хитойнинг улуши 21,1 фоизга етди, «Пойтахтбанк» сотилади. Якунланаётган ҳафтанинг шу ва бошқа иқтисодий янгиликлари – “Иқтисодий таймлайн”да.
2,9 млн сўмдан 12,4 млн сўмгача
Сентябр ойи якунларига кўра, Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 4,4 миллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,1 фоизга ошган.
Ҳудудлар кесимида ўртача маошнинг энг юқори миқдори Тошкент шаҳри (7 млн 187 минг), Навоий (5 млн 750 минг) ва Тошкент вилоятида (4 млн 419 минг), энг кам миқдори эса Қашқадарё (3 млн 200 минг), Наманган (3 млн 258 минг) ва Самарқанд (3 млн 298 минг) вилоятларида қайд этилган.
Ҳисобот даврида фақатгина учта маъмурий ҳудуд – Тошкент шаҳри, Тошкент ва Навоий вилоятларида иш ҳақи даражаси республикадаги ўртача даражадан юқори бўлиб, қолган барча ҳудудларда бу кўрсаткич республика даражасидан турли миқдорда паст шаклланган.
Соҳалар кесимида энг юқори ўртача ойлик молия ва суғурта фаолиятида – 12 млн 797 минг сўм, энг паст кўрсаткич эса таълим соҳасида – 3 млн 43 минг сўм ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида – 2 млн 917 минг сўм.
Ташқи иқтисодий алоқаларда Хитойга боғлиқлик ортмоқда
2023 йилнинг дастлабки 9 ойида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси қарийб 45 млрд долларни ташкил қилди. Бунда Хитойнинг улуши – 21,1 фоизгача ошган. Хусусан, ушбу мамлакатга экспорт 14,3 фоизга ёки 1,85 млрд долларгача қисқарган бўлса, импорт ҳажми 58,5 фоизга ёки 7,6 млрд долларгача кўпайган. Бундай шароитда Хитой иқтисодиётидаги таъминот билан боғлиқ узилишлар Ўзбекистонга жиддий таъсир қилиши мумкин.
Ташқи савдо дефицити ҳам ўсишда давом этмоқда ва бу кўрсаткич 9,27 млрд долларга етган. Январ-сентябр ойларида 5,6 млрд доллар қийматидаги олтин сотилган. Бу умумий экспортнинг 31,8 фоизини ташкил этади. Ўз навбатида олтин экспорти 2022 йилнинг мос даври билан таққосланганда, 89,8 фоизга кўпайган.















