Экспертлар фикрича, Исроил Ғазо сектори билан алоқаларни тўлиқ узиши қийин бўлади. Фото: ABED RAHIM KHATIB / ANADOLU

ҲАМАСнинг операцияси Исроилга сўнгги 50 йил ичида қилинган энг жиддий ҳужум бўлди. Камида 1400 киши ҳалок бўлган, яна икки юздан ортиқ киши гаровга олинган, ўнлаб инсонлар бадарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.

«Исроил халқи бирдам, унинг раҳбарияти ҳам бирдам, — деган тинч аҳоли вакиллари ўлдирилишига жавобан бош вазир Бинямин Нетаняҳу. — ҲАМАСнинг барча аъзолари ҳозирдан ўзини ўлган деб ҳисоблайвериши мумкин».

«Ғазо ортиқ Исроил учун таҳдид бўлмайди, —дея таъкидлаган Исроил ташқи ишлар вазири Эли Коҳэн. — Биз Ғазо секторида ҲАМАС ҳокимияти қолишига йўл қўйиб бера олмаймиз».

ҲАМАС гуруҳи ҳужумидан сўнг Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) қўмондонлиги Ғазо секторида «мисли кўрилмаган» ерусти операцияси бошланаётганини эълон қилиб, маҳаллий аҳолини 24 соат ичида анклавни тарк этишга чақирди.

Шошилинч тарзда тўлиқ жанговар ҳолатга келтирилган қўшинларнинг (ЦАҲАЛ сафига 300 мингдан ортиқ захирадагилар чақирилган), воқеалар ривожини бутун дунё кузатиб турган бостириб кириши ҳануз бошланмади, бунга АҚШ бошчилик жаҳон ҳамжамиятининг ерусти операциясини кейинроққа суриш бўйича саъй-ҳаракати сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Исроил бир неча бор Ғазони оккупация қилиш ниятида эмаслиги, асосий мақсади ҲАМАС режимини йўқ қилиш эканини таъкидлаган.

Бироқ ҳануз бу ишдан кейин анклавни ким бошқариши, Исроил иқтисодий жиҳатдан ўзига боғлиқ бўлган Ғазо сектори билан муносабатларни узиши мумкинлиги ноаниқ, деб ёзади BBC таҳлилчиси Алина Исаченко.

«Реал эришиш мумкин бўлган ҳарбий мақсадлар йўқ»

Вашингтондагилар Исроилнинг Ғазо секторида «реал эришиш мумкин бўлган ҳарбий мақсадлари йўқлиги»дан ташвишда ва ЦАҲАЛ ҳали иш бериши мумкин бўлган режа билан ерусти операциясини бошлашга тайёр эмас, деб ҳисобламоқда, деб ёзади New York Times нашри.