Инсоният фазога илк бор парвоз қилгандан бошлаб жуда кўп рекордлар ўрнатган. Жумладан, фазода энг узоқ вақт бўлиш, энг кўп марта парвоз қилиш, энг юқори тезликда ва энг узоқ масофага учиш бўйича ақл бовар қилмас натижалар қайд этилган. Ушбу материалда космик рекордларнинг асосий қисми билан таништириб ўтамиз.

2023 йил 3 октябр куни фазода космик станцияда 371 кун яшаган НАСА астронавти Франк Рубио Ерга қайтиб тушди. Бу НАСА астронавтлари орасида фазода энг узоқ муддат қолиш бўйича рекорд бўлди. Бунгача АҚШлик астронавтлардан бири фазода 355 кун қолган эди.

Франк Рубио ўтирган капсула Қозоғистоннинг Жезқазған шаҳри яқинига келиб қўнган. Уни махсус шифохонага олиб кетишган. Астронавтлар ва космонавтлар фазода узоқ муддат қолиб кетса уларнинг танасида турли ўзгаришлар бўлади. Шу сабабли энди Франк Рубио жиддий текширувлардан ўтказилади.

Франк бир йилдан ошиқ давом этган космик саёҳати давомида спорт жиҳозлари билан турли машқлар қилган. Энди ўша машқлар унинг танасига қандай таъсир кўрсатгани ўрганилади.

Франк Рубио
www.alamy.com

Инсоният Қуёш системасини чуқурроқ ўрганишни режа қилаётган бир пайтда бундай тадқиқотлар жуда муҳим. Масалан, Марсни ўрганиш дастури бўйича фазода 1100 кун – 3 йил бўлиш режа қилинган.

Марсга жўнатиладиган космик кема Халқаро Космик cтанциядан кичикроқ ҳажмда бўлади ва бу кемага енгил ва кичик ҳажмли спорт жиҳозларни ўрнатиш мумкин холос.

Аввалроқ Kun.uz’да Ойга учган космик аппаратлар ва америкаликларнинг Ойга парвозлари ҳақида мақолалар берилганди. Бу сафар космик рекордлар ҳақидаги маълумотларни келтириб ўтамиз.

Космик рекордларнинг аксарияти инсонлар парвози билан боғлиқ. Бироқ улар орасида фазога учган жонзотлар ва турли космик қурилмаларга тегишли рекордлар ҳам бор.

Космик станциянинг тузилиши

Инсоннинг фазога илк парвозлари

Фазога биринчи бўлиб 1961 йил 12 апрел куни совет фуқароси Юрий Гагарин «Восток-1» космик кемаси билан парвоз қилган. У фазода 1 соат 48 дақиқа (108 дақиқа) бўлиб, бу вақт мобайнида Ер куррасини бир марта айланиб чиққан.