Иқтисодиёт | 13:29 / 02.11.2023
41195
2 дақиқада ўқилади

2024 йилда иш ҳақи, пенсия ва стипендиялар миқдорини ошириш режалаштирилган

Келгуси йилда бюджетдан иш ҳақи ва пенсия учун 220,7 триллион сўм ажратилиши режа қилинган. Бу жорий йилдаги кўрсаткичдан 19,6 фоизга кўп.  

Фото: Kun.uz

2024 йилда ҳам бюджет ходимларининг иш ҳақи, пенсия ва стипендиялар миқдорини ошириш режалаштирилган. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан эълон қилинган давлат бюджети лойиҳасида келтириб ўтилган.

Қайд этилишича, келгуси йилда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни амалга ошириш учун ажратиладиган маблағлар 20,6 фоизга оширилиб, 130,6 триллион сўмдан 157,57 триллион сўмга етказилади. Бу 2024 йилдаги умумий давлат бюджети харажатининг 50,4 фоизини ташкил этади.

Шунингдек, пенсияларни ошириш учун қўшимча 9,28 триллион сўм (жорий йилга нисбатан 17,2 фоизга кўп) ёки умумий ҳисобда 63,13 триллион сўм йўналтирилади.

Ҳужжатда келтирилишича, жорий йил охиригача шаклланган инфляция миқдори йил давомида бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва пенсия миқдорларининг оширилган фоизларидан юқори бўлган тақдирда, келгуси молия йилининг январь ойидан иш ҳақи ва пенсияларни ушбу фоизларга ошириш орқали компенсация қилиш тартиби жорий этилади.

Маълумот учун, 1 апрелдан пенсиялар ва нафақалар миқдори, 1 майдан бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи 7 фоизга оширилганди.

Мавзуга оид