Ҳиндистонда 70 соатлик иш ҳафтаси кескин муҳокамаларга сабаб бўляпти. Бунга дастурий таъминот соҳаси бўйича ҳинд миллиардери, Буюк Британия бош вазири Риши Сунакнинг қайнотаси Нараяна Муртининг гапи сабаб бўлди. Миллиардер "Ёшлар мамлакат тараққиётига ҳисса қўшишни истаса, ҳафтасига 70 соат ишлашга рози бўлиши керак", деб айтди.

Фото: Getty images
Ҳафтасига 70 соатлик иш 5 кун ишлайдиганлар учун суткасига 14 соат, 6 кун ишлайдиганлар учун 11,6 соатлик иш кунига тўғри келади.
"Ҳиндистон — дунёда иш унумдорлиги энг паст бўлган мамлакатлардан бири. Агар биз иш унумдорлигимизни оширмасак, юртимизда мисли кўрилмаган бирор ўзгариш қила олмаймиз. Шунинг учун ҳам бугунги ёшларга шундай деган бўлардим: "Бу менинг мамлакатим ва мен бу ерда ҳафтасига 70 соат ҳам ишлашга тайёрман", деган Нараяна Мурти подкастлардан бирида.
Унинг сўзлари ижтимоий тармоқларга тарқалгач, одамларнинг танқидлари ва аксинча, қўллаб-қувватлаши остида қолди. Газеталарнинг "Мулоҳаза" саҳифалари токсик иш маданияти ва иш берувчиларнинг ўз ходимларидан нималар кутиши ҳақидаги дебатларга тўлди.
Одамлар нима деяпти?
Танқидларнинг айримлари бошланғич маошлари одатдагидан пастроқ даражада бўлган ҳинд технология компаниялари, жумладан, миллиардер Мурти ҳаммуассис бўлган Infosys компанияси муҳандисларидан ёғилмоқда.
Бошқалар эса танаффуссиз ишлашнинг жисмоний ва руҳий саломатликка таъсирига эътибор қаратяпти.
"Дам олишга вақт йўқ, оила билан суҳбатлашишга вақт йўқ, жисмоний машғулотларга вақт йўқ, бирор ижодий иш қилишга ҳам вақт йўқ. Компанияларнинг иш вақти тугагандан кейин ҳам ходимларининг телефонга жавоб беришларини кутишини айтиб ҳам ўтирмоқчимасман. Шунчасидан кейин яна нега ёшлар юрак хуружига чалиняпти деб ҳайрон ҳам бўламиз", деб ёзди бангалорлик кардиолог-врач Дипак Кришнамурти Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида.
Баъзилар эса аёллар ишхона ва уйларида шундоқ ҳам 70 соатдан кўп ишлашларини эслатиб ўтган.
















