Тошкент шаҳри Миробод тумани Амир Темур шоҳкўчаси 4-уй манзилида (Амир Темур хиёбони олдида) жойлашган Рақамли технологиялар вазирлиги ва Алоқабанк бинолари сотилган. Тегишли олди-сотди шартномалари давлат харидлари порталига жойлаштирилган. Ҳар иккала кўчмас мулк объектининг харидори – Микрокредитбанк.
Алоқабанк бош офиси биноси 317,15 млрд сўмга сотилган. Келишилган пул миқдорининг 35 фоизи – 111 млрд сўм 30 календар кунида тўланиши керак. Қолган 206,15 млрд сўмни эса 2024 йилнинг октябр-ноябр ойларигача бўлиб-бўлиб тўлаш кўзда тутилган.
Рақамли технологиялар вазирлиги биноси 69,85 млрд сўмга харид қилинган. Шартнома баҳосининг 35 фоизи – 24,45 млрд сўм битим кучга кирган кундан кейин 1 ой муддатда, қолган 45,41 млрд сўмни эса 2024 йилнинг ноябр ойигача тўлаш керак.
Ҳар иккала олди-сотди шартномаси ҳам 2023 йил 11 октябр куни тузилган.
“Қандоқ қилиб бунга рухсат берилган?”
Иқтисодчи Отабек Бакиров Микрокредитбанкнинг рентабеллиги паст эканига урғу бериб, бир неча юз миллиардга бино сотиб олаётганини танқид қилди.
“Микрокредитбанк 0,7 фоизлик капитал рентабеллигига эга, яъни бу банкка давлатнинг тиккан 1 млрд пули 7 млн сўм бўлиб қайтади.
1 октябр ҳолатига юқори ликвидли активларнинг жами активлардаги улуши 7,1 фоизни ташкил этган (минимум 10 фоиз). Ликвидликни қоплаш меъёри доимий равишда бузиб келинади. Яъни агар Микрокредитбанк давлат банки бўлмаганида аллақачон лицензияси олиниб, ёпиб ташланиши керак бўларди.
Мен билмайман, қандоқ қилиб, ўзи ҳатто тўловларни молиялаштиришга пули йўқ банкка бир неча юз миллиардга бино олишга рухсат берилган. Ким молиялаштиради бу битимни? Қайси манбалар ҳисобидан (бинони сотаётган банк қарз бериб турадими? Кенгаш аъзолари қаёққа қараган? Хабари борми? Марказий банк рухсат берганми шу битимга? Қайси асосларда? Бу битим омонатчи ва кредиторлар манфаатларига реал хавф туғдиради-ку”, дея ёзди Отабек Бакиров.















