BBC Verify бўлими Ғазодаги бир нечта локацияларга берилган авиазарбалар ҳамда Исроил ҳукуматининг эвакуация тўғрисидаги огоҳлантиришларни таҳлил қилиб чиқди.
ЦАҲАЛ томонидан эълон қилинган айрим огоҳлантиришлар эвакуация қилиниши лозим бўлган йўналиш стрелкаларда кўрсатилган жойнинг хариталари билан эълон қилинган.
BBC ўрганган учта авиазарба баёнотлар чиққанидан сўнг кўчиш сўралган ўша ҳудудлар ёки уларга яқин жойларга берилган.
Хон Юнус. 10 октябр
10 октябр куни ЦАҲАЛ ўзининг қирувчи самолётлари Ғазо сектори шимолидаги Римал туманида ва анклав жанубидаги Хон Юнус шаҳрида 200 дан ортиқ объектларни бомбардимон қилгани ҳақида баёнот берди.
BBC Хон Юнусдаги нишонларга берилган зарба оқибатларини ўрганди. Авиазарбадан сўнг эълон қилинган видеотасвирда шаҳар марказидаги биноларга зарар етказилгани ва вайрон қилинганига гувоҳ бўлиш мумкин.
Зарба берилган жой яқинида бўлган объектларга, жумладан, Хон Юнусдаги Катта масжид минорасига қараб бомба тушган жойга аниқлик киритилган.
Шунингдек, вайрон бўлган бинолар, уйлар ва машиналарнинг бўлакларини саралаётган одамларнинг фотосуратлари ҳам ўрганилган.
Фотосуратлар ва видеотасвирда битта жой кўрсатилган, чунки ҳар икки локацияда дорихона пешлавҳасини кўриш мумкин. Шунингдек, фотосуратлар аввалроқ рўй берган ҳодисага тааллуқли эмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун, тасвирлар аввалги саналарга қараб изланган.

8 октябр куни эрталаб ЦАҲАЛ расмий вакили Авихай Адраэ X («Twitter») тармоғида араб тилида Ғазонинг бир неча туманлари аҳолсини ўз уйларини тарк этиб, хавфсизроқ жойга кўчиш тўғрисидаги чақириғини эълон қилди.
Хон Юнуснинг жанубий-шарқий қисмида жойлашган Абасан ал-Кабийра ва Абасан ал-Сағийра туманлари аҳолиси шаҳар марказига кўчиши кераклиги айтилган.
X тармоғида эълон қилинган харитада Хон Юнус йўналишини кўрсатувчи стрелкаларни кўриш мумкин. Ўша куни бошқа бир тавсиялар ҳам берилган бўлиши мумкин, бироқ BBC бунга далил топа олмаган.



















