Жаҳон | 09:44 / 10.11.2023
5994
3 дақиқада ўқилади

Мадридда ўта ўнгчи Vox партияси асосчисининг юзига қарата ўқ узилди

ОАВ хабарларига кўра, испан сиёсатчиси Алехо Видал-Куадрас номаълум шахс томонидан ўқ узилганидан сўнг тирик қолган.

Фото: AP

Испаниялик сиёсатчи Алехо Видал-Куадрас Мадриддаги ҳужумда яраланди: маҳаллий полициянинг 9 ноябр, пайшанба куни хабар беришича, ўта ўнгчи Vox партияси асосчиларидан бирининг юзига номаълум шахс томонидан ўқ узилган.

ОАВ маълумотларига кўра, 78 ёшли Видал-Куадрас касалхонага етказилганда ҳушида бўлган, ҳозир унинг ҳаёти хавф остида эмас. Полиция қора Yamaha мототциклида яширинган икки кишини қидирмоқда. Маълумотларга кўра, ўқ отган шахсда махсус бош кийими - шлем бўлган.

Ҳужум сабаблари ҳозирча номаълум, полиция ўғирликка уриниш версиясини истисно қилмади ва тергов бошлади. Бундан ташқари, суиқасд Мадридда ўнг ва ўта ўнгчи партиялар тарафдорлари иштирокидаги тартибсизликлар ва норозилик намойишлари фонида содир бўлди. Намойишчилар Испания бош вазири вазифасини бажарувчи Педро Санчеснинг каталониялик бўлгинчиларга амнистия эълон қилиш режаларига қарши чиққан.

Испания консерваторлари ва ўта ўнгчилар Санчесга қарши

Видал-Куадрас 1990-йилларда Каталониядаги консерватив Испания халқ партиясининг раиси бўлган. 1999 йилдан 2014 йилгача у Европарламент вице-президенти бўлиб ишлаган, 2013 йилда эса ўнг қанот экстремистик Vox партиясининг асосчиларидан бирига айланди, бироқ 2014 йилда Европа парламентида аъзолик мандатини қўлга киритиш учун муваффақиятсиз уринишдан кейин бу партияни тезда тарк этди.

Vox ва консерваторлар Каталония мустақиллиги тарафдорлари учун амнистия қонунини кескин танқид қилмоқда. Бу қонун эвазига сепаратистлар социалист Санчес бошчилигидаги янги ҳукумат тузилишини қўллаб-қувватламоқда. Бу у яқинда бўлиб ўтган парламент сайловларида мағлубиятга учраганига қарамай, бош вазир лавозимида қолиши мумкинлигини англатади.

Видал-Куадрас кўп йиллар давомида сиёсий фаол бўлмаган, лекин шарҳловчи ва оммавий ахборот воситалари кузатувчиси сифатида омма олдида чиқиш қилишда давом этган. Ҳужумдан бир неча соат олдин у X платформасида (собиқ Twitter) пост эълон қилди ва унда Санчес бошчилигидаги Испания Социалистик ишчилар партияси ҳамда Каталония сепаратистик партияси ўртасидаги амнистия тўғрисидаги келишувни кескин танқид қилди. Vox ва консерваторлар бир неча ҳафта давомида амнистия қонуни ва Санчесга қарши оммавий норозилик намойишлари уюштирмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид