Гарчи бугун дунёдаги деярли барча инсон қайсидир жиҳатдан ифлосланган ҳаводан нафас олаётган бўлса-да, ҳаво ифлосланиши ҳам ҳаммага бирдай хавф солмаяпти. Ифлос ҳаво ҳам ҳозир иқлим тенгсизлигининг бир кўринишига айланиб улгурди.

Бу қандай рўй бериши ҳақида BBC мақоласида ҳикоя қилинади.

Ифлосланган ҳаво умрни қисқартиради

Деҳли харобаларида жойлашган кичик кулбада яшайдиган Митилеш овқат пишириш учун печни ёққанда кўзлари ҳам тутунга тўлади. 29 ёшли уй бекаси бир хонадонда фарзандлари, эри, қари қайнона-қайнотаси билан яшайди. Печка ёнганда уй тутунга тўлганидан бирор нарсани кўриш ҳам қийин бўлиб қолади. Митилеш ташқарига чиққани билан жуда катта ўзгариш йўқ. Сабаби Деҳли ҳаво ифлослиги бўйича дунёда иккинчи ўринда турадиган мегаполис ҳисобланади.

Ҳиндистон ҳукумати ҳаво сифатини яхшилаш учун ҳаракат қилаётган бўлса-да, шаҳар ҳавосида кўплаб ифлослантирувчи моддалар миқдори ЖССТ белгилаган меъёрлардан доимий баланд бўлиб қолмоқда. Чикаго университети ўтказган тадқиқот ҳиндистонликларни агар пойтахт ҳавоси миқдоридаги зарарли моддаларни ЖССТ белгилаган нормагача камайтирмаса, аҳолининг умри 11,9 йилгача қисқариши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Митилеш ва унинг оиласи глобал миқёсда ифлосланган ҳаводан нафас олаётганларнинг энг қўрқинчли мисоли бўлиши мумкин. Лекин, аслида, дунёда ҳамма ҳам қайсидир даражада зарарланган ҳаводан нафас оляпти. Баъзилар эса бу ҳаводан ўзини энг кам миқдорда ҳимоя қила олади.

- Тошкент

Масалан, ҳали ҳам дунёда 2,4 млрд одам керосин, ўтин, писта кўмири, кўмир ва таппи каби самараси кам ёқилғи турларидан овқат пиширишда фойдаланади. Гарчи бу ёқилғилардан фойдаланиш давом этса ҳам, уларни тутаган ҳаводан нафас олишда эҳтиёткор бўлишлари ҳақида хабардор қилиб бориш лозим.

Охирги 20 йилда қашшоқлик даражаси пасайиши билан ёпиқ ҳаво ифлосланиши даражаси ҳам сезиларли пасайди. Бироқ унинг ўрнига саноатлаштириш ва қазиб олинаётган турли ёнилғиларни ёқиш ҳисобига кўплаб одамлар қурбон бўлишига сабаб бўлувчи янги ва зарарли муаммо тури пайдо бўлди. Ҳисоб-китобларга кўра, 2019 йилда ҳаво ифлосланишидан 4,5 млн одам бевақт вафот этди, бу 2000 йилга нисбатан 1,6 млнга, 2015 йилга нисбатан эса 300 мингга кўпроқ.