Украина президенти офисидагилар қуролли кучлар бош қўмондони Валерий Залужнийнинг The Economist журналига фронтдаги вазият бўйича берган интервюсидан кейин мамлакатнинг ҳарбий ва сиёсий раҳбарияти ўртасидаги бўлиниш белгиларини кўрмаяпти. Бу ҳақда журналистлари Украина расмий шахслари билан гаплашган Bloomberg агентлиги хабар бермоқда.

Украина президенти Володимир Зеленский Залужнийнинг сўзларига очиқчасига эътироз билдирганидан сўнг томонлар ўртасида жиддий зиддият борлиги ҳақида тахминлар пайдо бўлганди. Хусусан, The New York Times газетасида «бўлиниш кучайиши» белгилари ҳақида мақола нашр этилди.

The Economist учун интервюсида Украина ҚК бош қўмондони бошқа нарсалар қатори Россия билан уруш «боши берк кўчага кириб қолгани», украинларнинг ҳужуми кўп йилларга чўзилиши мумкин бўлган позицион урушга айланаётгани ҳақида гапирган. Залужний бу вазиятдан чиқиш учун Украинага инновацион ҳарбий технологиялар даркорлигини таъкидлаган.

Бунга жавобан Украина президенти офиси раҳбари ўринбосари Игор Жовква Залужнийнинг интервюси халқаро ҳамкорларда «ваҳима кайфияти» уйғотганини айтди. У фронтдаги вазиятни шарҳламаслик кераклиги, чунки бу «агрессорнинг ишини енгиллаштириши»ни билдирган. «Агар шу йўл билан [мақола эвазига] қандайдир муваффақиятга эришмоқчи бўлаётган бўлсак — бу эҳтимол қандайдир чуқур маъноли ва стратегик ўйланма. Лекин, ростини айтадиган бўлсам, менга [афтидан] бу жуда ғалати кўринди», — деган Жовква.

Зеленский фронтдаги вазиятни умидсиз деб ҳисобламаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, Россия ўз авиацияси ҳисобига осмонни назорат қилаётгани туфайли, Украина ўз ҳарбийларини асрашга интилмоқда.

Украина президенти офиси бўлиниш ҳақидаги хабарларни инкор этди. Идора раҳбари Андрий Ермак Украинанинг «1+1» телеканали журналисти Наталя Мосейчукка берган интервюсида мамлакат ҳукумати Россияни енгишга қаратилган якдил позицияда эканини айтди. «Мен бугунги кунда ҳарбий-сиёсий раҳбариятда қандайдир бошқача позициялар борлиги белгиларини кўрмаяпман. Бизда ягона позиция бор — бу урушда ғалаба қозониш», — деган Ермак парчаси Мосейчук томонидан келтирилган интервюда.

«Президент фавқулодда муҳим аниқлик киритди, — деган Bloomberg нашрига Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк. — Мен олий ҳарбий-сиёсий раҳбарият даражасида ҳеч қандай келишмовчилик ёки зиддиятни кўрмаяпман». Унинг сўзларига кўра, Зеленский ва Залужний деярли ҳар куни ўзаро мулоқот қилишади ва сўнгги ойларда уларнинг суҳбатларида ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ. Хусусан, президент ва бош қўмондон Украина ҳарбий стратегиясига тузатишлар киритишни муҳокама қилишда давом этмоқда.