Нега ҳозирги даврда шеър ўқилмаяпти? Бу савол кўпчиликни қизиқтирмаслиги аниқ. Шеър ўқимайдиган одамнинг у ҳақда ўйлаб кўришга ҳам эҳтиёжи бўлмайди. Хўш, унда шеърият бора-бора фақат шоирларнинг ўзи учун яратиладиган санъат турига айланадими ё қачондир одамлар яна шеър мутолаасига қайтиши мумкинми? Энг қизиғи, бу фақат бизнинг жамиятда кузатилаётган ҳолми ёки бутун дунёнинг шеърга бўлган эҳтироси сўнганми?

Худди шу саволларга рус файласуфи ва маданиятшуноси, адабиётшуноси Михаил Эпштейн ўзининг “Юксак поэзия ва алподам” эссесида жавоб қидириб кўради. Эпштейн одамлар шеър ўқимай қўйган бу давр одамини “тобора поэтик шахсга айланиб боряпти” деб таърифлайди. чунки бундай одамнинг ўзи “образли”, мажозийдир. 21-аср одами бир мамлакатда туғилади, бошқасида таълим олади, учинчисига бориб ишлайди. Бундай киши — поэтик, мажоз, унинг ҳаёти эса кўпқатламли матн.

Эпштейн одамнинг ўзи образлашиб, мажозийлашиб бориши билан бирга, поэзия ҳаётимизнинг ҳамма соҳасига кириб бораётганини, фақат бунинг учун энди унга сўз керак бўлмай қолганини айтади.

Поэзиянинг бу турлари: антропоэйя ва технопоэйя, поэзия физикаси, космопоэйя ва биопоэйя, социопоэйя ва эконопоэйя, ноопоэйя кабилардир. Техника тараққиёти натижасида сиз қўлингиздаги смартфон орқали сиздан неча минг километр масофалардаги яқинингиз ё ёрингизни бир пайтнинг ўзида кўриб, эшитиб суҳбатлаша оласиз. Энди сиз уни соғинганингизда, унинг хаёли билан овунишингизга ҳожат йўқ. Туйғуларингизни ўша оннинг ўзидаёқ етказиш имконига эгасиз.

Яна бир томони — авваллари одамлар нима учун шеър ўқирди? Ўзи истаган, кўрмоқчи бўлган образини ёзилган асардан қидирарди ва асардаги образ унинг чанқоғини босарди. Энди эса одамлар бошқа образларни изламайди, унга сиғинишмайди, ижтимоий тармоқлардаги профиллари орқали ўзининг асли реал ҳаётдан бир қадар узоқ бўлган виртуал образини яратади. Бугунги инсон энди санъаткор яратган образлар дунёсида яшовчи одам эмас, у ўзининг образини ўзи яратаётган ва уни ўзи тақдим қилаётган одам. Instagram, Facebook, Тik-Tok каби тармоқларда одамлар ўз ички дунёсини матн, кийим, услуб, юриш-туриш воситасида яратиб ва ўша пайтнинг ўзидаёқ тақдим эта оляпти. Социопоэйяни ифодалаган бу жараёнда тармоқ тизимида “биз бошқа одамлар ролини ўйнаймиз, ўзимизни “ўзимиз эмас” тимсолида шакллантирамиз, … биз энди кўп “ўзга” эга шахс бўлиб, унга битта “мен” торлик қилади.» Айни шу пайтда хатти-ҳаракатимиз шоирнинг ўз лирик қаҳрамонини яратиш жараёни билан бир хил. Шоир ҳам лирик қаҳрамонлари яратувчиси эди, энди биз ҳам ўз тимсолимизни яратувчимиз.

Авваллари болалар достон ва эртак ўқишарди ва улардаги учар гиламлар, қаҳрамоннинг кун эмас, соат сайин улғайишидан, ўзга оламларга саёҳат қилишидан ҳайратга тушарди. Бугун эса илм-фан тараққиёти туфайли, учар гилам мўъжиза эмас, масалан, Тошкентнинг қоқ марказига бориб, сиз учар шарда учасиз, заминга тепадан туриб қарай оласиз.