Экстремал вазиятлар, ҳаяжон ва қўрқувга солувчи лаҳзалар... Тоғ чўққиларини забт этишга уринаётган одамларни одатда Hollywood филмлари орқали кўрамиз. Шу боис ҳам алпинист деганда тасаввуримизга ажнабий одамлар келади. Ўзбекистонда ҳам алпинистлар борлиги, улар ҳам дунёнинг машҳур чўққиларини аллақачон забт этаётганини ҳамма ҳам билавермаса керак. Ушбу кўрсатувда "чўққилар овчиси"га айланган ҳамюртларимиз ҳақида билиб оласиз.

«Сирли Ўзбекистон» жамоаси анча йиллардан бери тоғ туризми билан шуғулланади. Шу йил сентябрнинг ўрталарида жамоа аъзолари Шароф Эгамбердиев ва Шуҳрат Одилов Осиё қитъасидаги энг баланд – Эрон шимолида жойлашган Дамованд вулқон чўққисини забт этишди. Денгиз сатҳидан 5 минг 610 метр баландликда Ўзбекистон байроғини кўтаришди.

Улар Kun.uzʼга берган интервюсида бундан аввал бошқа минтақаларда жойлашган энг баланд тоғ нуқталарида бўлгани, бу жараёнда қандай воқеаларга дуч келгани, хавфли вазиятлардан қандай қилиб чиқиб кетишгани ҳақида батафсил гапириб берди.

Шароф Эгамбердиев: Биология фанлари докториман, молекуляр генетика билан шуғулланганман. Докторлик диссертациямни ҳимоя қилиб, фанлар номзоди унвонини олгач дам олишга Ҳимолай тоғига кетганман. Тоғдаги 12 кунлик саёҳат давомида кўплаб одамлар билан танишдим, улар билан гаплашиб, тоғларда бўлганимдан кейин дунёқарашим ўзгарди. Кейин келиб бўшаш ҳақида аризамни ёздим ва ўша вақтдан ҳозиргача тоғ туризми билан шуғулланиб келяпман. Бу ишни 10 йилдан бери қилиб келаман.

Ўзи табиатга, тоғга чиқишга қизиқардим. Бошланишида ҳаваскор сифатида чўққиларга чиққанман, шу вақт давомида адашиб, алпинистлар секциясига тушиб қолганман. Ўшанда бир нарсани тушуниб етдим – чўққиларга чиқиб, тоғларни забт этмоқчи, янги экспедицияларга бормоқчи бўлсангиз алпинист бўлиш шарт эмас. Алпинистлик билан шуғулланадиган одамларни 2 категорияга бўлиш мумкин: машҳур тоифадаги алпинистлар ва шу ишнинг ортидан яхши пул топадиганлар.

Биринчиси ҳақида гапирсак, чет элда жуда катта спорт брендлари бор. Машҳур тоифадаги алпинистларни мана шу брендлар амбассадори, яъни элчиси десак бўлади. Бу атлетларнинг қиладиган ишини кўрангиз, ҳавасингиз келади. Чунки улар ҳеч ким бормаган дунёдаги энг баланд чўққиларни забт этишади. Жанубий Америкадаги ёки Антарктидадаги вертикал деворларга чиқишади, National Geographic, Discovery телеканаллари билан биргаликда кўрсатувлар чиқаришади.