БМТ бош котиби Эрондан ҲАМАС ва «Ҳизбуллоҳ»га таъсир ўтказишни сўраган
Гутерриш Эрон ҳукуматидан гаровга олинганларни озод қилишга ёрдам беришни ва «Ҳизбуллоҳ»ни урушда иштирок этишдан қайтаришни сўраган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш Эрон ҳукуматига ҲАМАСга таъсир ўтказиш ва шу тариқа исроиллик гаровга олинганларни озод қилишга кўмаклашиш, шунингдек, Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳини Исроил билан можарода иштирок этишдан қайтаришни сўраб мурожаат қилган. Бу ҳақда Гутерришнинг ўзи 12 ноябр, якшанба куни CNN телеканалига берган интервюсида айтиб ўтди.
«Мен Эрондан икки нарсани сўрадим: биринчидан, гаровдагиларни ҳеч қандай шартларсиз зудлик билан озод қилиш учун ҲАМАСга босим ўтказиш. Иккинчидан, «Ҳизбуллоҳ»га Ливан бу можарога тўлиқ аралашадиган вазият яратмаслигини айтиш», - деди Гутерриш. «Агар «Ҳизбуллоҳ» Исроилга катта ҳужум уюштирса, бу номаълум таъсир кўрсатиши мумкин, аммо мен бир нарсага аминманки, Ливан омон қолмайди», деди БМТ бош котиби.
Гутерриш: Эроннинг позицияси сирли
CNN Эроннинг бу сўровларга қандай жавоб бергани ҳақида сўраганида, Гутерриш буни билмаслигини тан олди. «Улар ҳар доим бу можарога ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтади, лекин очиқчасига можаронинг тарқалиш хавфини такрорлайди. Бу ҳар доим жуда сирли - Эроннинг позицияси», - деди БМТ бош котиби.
Гутерриш, шунингдек, БМТ Ливан ҳукумати билан «яқин алоқада» ва «Ҳизбуллоҳ» билан мулоқотда эканини қўшимча қилди. «Биз «Ҳизбуллоҳ»нинг кенг кўламли ҳужуми ва Исроилнинг кенг кўламли жавоби кўринишидаги можаронинг кучайишига йўл қўймаслик учун ҳамма нарсани қилишимиз керак», деди Гутерриш.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.
Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 11 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
Мавзуга оид
10:05
ЕИ Россия учун баллистика туфайли Эронга қарши санкциялар тайёрлади
20:37 / 15.11.2024
Исроил Эрондаги махфий ядро лабораториясини йўқ қилди — ОАВ
17:11 / 15.11.2024
Илон Маск Эроннинг БМТдаги элчиси билан махфий учрашув ўтказгани маълум бўлди
00:51 / 15.11.2024