Ўзбекистон | 11:31 / 15.11.2023
9566
2 дақиқада ўқилади

«Кўмир таъминот»нинг Тошкент вилоят филиали бошлиғи 50 минг доллар билан ушланди 

“Кўмир таъминот” Тошкент вилоят филиали бошлиғи, муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жиноят содир этгани учун судланган шахс мазкур корхонанинг ҳозирги кунда вакант ҳисобланган Сирдарё вилоят филиалига раҳбар сифатида ишга қабул қилинишида кўмаклашиш эвазига фуқародан 50 минг доллар талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати томонидан қатор ҳудудларда коррупция ва фирибгарлик ҳолатларига чек қўйилди.

ДХХ хабарига кўра, “Кўмир таъминот” МЧЖ Тошкент вилоят филиали бошлиғи, муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жиноят содир этгани учун судланган шахс мазкур корхонанинг ҳозирги кунда вакант ҳисобланган Сирдарё вилоят филиалига раҳбар сифатида ишга қабул қилинишида кўмаклашиш эвазига фуқародан 50 минг АҚШ доллари талаб қилади. 

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан департамент вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда мазкур раҳбар сўралган пул маблағини олган вақтида қўлга олинди.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида яшовчи, муқаддам бир неча маротаба судланган 2 нафар шахс фирибгарлик йўли билан қурилиш ишлари билан шуғулланувчи тадбиркордан 20 минг АҚШ долларини олган вақтларида ушланди. 

Маълум бўлишича, улар Самарқанд вилоятида жойлашган қишлоқ врачлик пунктлари ва поликлиникаларни жорий таъмирлаш  учун ҳукумат қарорлари асосида бюджет маблағлари ажратилишини айтиб, ўзининг юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали 34 млрд сўмлик пудрат шартномасини тадбиркорга тегишли МЧЖга тўғридан тўғри олиб беришни ваъда қилган. Кейинчалик эса мазкур  пудрат шартномаси қийматидан 8 фоизини улуш сифатида беришини талаб этган. 

Ҳозирда иккала ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид