Жаҳон | 08:44 / 16.11.2023
8800
3 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Хитой ҳарбий идоралари тўғридан тўғри алоқаларни тиклайди

Қўшма Штатлар ва Хитой ҳарбий идоралари тўғридан тўғри алоқаларни тиклайди - Жо Байден ва Си Жинпинг бу ҳақда Сан-Францискода келишиб олди. Шунингдек, улар Тайван, Яқин Шарқдаги можаро ва наркотрафикка қарши кураш мавзуларини муҳокама қилди. 

Фото: REUTERS/Kevin Lamarque

Америка Қўшма Штатлари ва Хитой ҳарбий идоралари «тенглик ва ўзаро ҳурмат асосида» тўғридан тўғри алоқаларни тиклайди. Бу ҳақда 16 ноябр, пайшанба куни Сан-Францискода бўлиб ўтган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммити доирасида икки давлат раҳбарлари Жо Байден ва Си Жинпинг келишиб олди. Ушбу учрашувда Хитой раҳбари Тайван масаласини Хитой-Америка муносабатларидаги «энг катта ва энг хавфли» тўсиқ деб атади. У Қўшма Штатларни «Тайванни қуроллантиришни тўхтатишга» чақирди ва Хитой раҳбарияти оролни Хитой билан тинч йўл орқали бирлаштириш тарафдори эканини таъкидлади. Шу билан бирга, Си Пекин муайян шароитларда бу масалада куч ишлатиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. 

Хитой раҳбари, шунингдек, Вашингтоннинг баъзи иқтисодий чоралари, жумладан, санкциялар ва Хитой технология соҳасига Америка сармояси бўйича чекловлар қўллашидан хавотир билдирди. Унинг таъкидлашича, бу Хитойнинг технологик ривожланишини тўхтатиб, «қонуний манфаатларига зарар етказади». У санкциялар бекор қилинишига ва Қўшма Штатлар «Хитой бизнеси учун адолатли ва камситилмайдиган муҳитни» тақдим этишига умид қилмоқда. 

Ўз навбатида, Жо Байден Хитой раиси Исроил ва Ғазо секторида ҲАМАС гуруҳи ўртасидаги урушга Теҳрон ва у қўллаб-қувватлаётган ташкилотларнинг эҳтимолий аралашуви олдини олиш учун Эронга ўз таъсиридан фойдаланишга чақирди. 

АҚШ ва Хитой наркотрафикка қарши биргаликда курашади 

Бундан ташқари, Оқ уйдаги манбалар Хитой ва Қўшма Штатлар синтетик фентанил гиёҳвандлик моддасининг ноқонуний ишлаб чиқарилиши ва савдосига чек қўйиш учун биргаликда ҳаракат қилишини муҳим деб атади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси яқинда эълон қилинган ҳисоботида таъкидланишича, 2021 йилда Шимолий Америкада гиёҳванд моддалар дозасини ошириб юбориш билан боғлиқ 90 000 га яқин ўлим қайд этилган ва у ўсиб бормоқда. 

Байден: АҚШнинг Хитой билан зиддиятига йўл қўйиб бўлмайди 

АҚШ президенти ўз мамлакати ва Хитой ўртасидаги рақобат можарога олиб келмаслиги учун чоралар кўриш зарурлигини билдирди. Бунинг учун, деди Жо Байден, «тўғридан тўғри ва ҳалол» мулоқотни давом эттириш керак. «Хитой ва Қўшма Штатлар каби икки йирик давлат учун бир-биридан юз ўгириш вариант эмас», - деди Си Жинпинг. Унинг сўзларига кўра, «бир томон иккинчисини ўзгартира олмайди» ва улар ўртасидаги зиддият «қабул қилиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келади». 

Си Жинпингнинг Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги саммитига ташрифи унинг 2017 йилдан бери АҚШга илк сафари бўлди. 

Мавзуга оид