Reuters агентлигининг 14 августга ўтар кечаси хабар беришича, Cl0p дастурий таъминотдаги заифликлардан фойдаланиб, бир вақтнинг ўзида кўплаб нишонларга киберҳужумлар уюштириш усули билан танилган.
Ҳакерлар бу гал ҳам қарийб 50 та компания тизимларидан катта ҳажмдаги маълумотларни қўлга киритганини даъво қилмоқда. Рўйхатда Нидерландиянинг Philips, Британиянинг Shell, АҚШнинг Fiserv ва General Electric компаниялари ҳам қайд этилган.
Компаниялар эса ҳакерларнинг баёнотига эҳтиёткорлик билан муносабат билдирди.
Philips компанияси маълум қилишича, ички маълумотлар билан боғлиқ муайян корпоратив серверда кибертаҳдидга уриниш аниқланган ва унинг тарқалиши чекланган. Компанияга кўра, ушбу ҳодиса мижозлар фойдаланадиган тизимларга таъсир кўрсатмаган.
Fiserv вакили ҳам компания ҳакерлар тарқатган маълумотлардан хабардор эканини билдирган. Бироқ ўтказилган кенг қамровли текширув давомида мижозлар маълумотлари, банк ҳисобварақлари, транзакциялар ёки шахсий маълумотлар бузилганини тасдиқловчи далиллар топилмаган. Шунингдек, ҳодиса компаниянинг операцион муҳитига таъсир кўрсатгани ҳам аниқланмаган.
Reuters Cl0p гуруҳининг айнан қандай маълумотлар ўғирлангани ва уларнинг ҳажмига оид даъволарини мустақил равишда тасдиқлай олмаган. Ҳакерлар ҳам агентликнинг изоҳ сўраб юборган мурожаатига жавоб бермаган.
Айрим оммавий ахборот воситалари, жумладан Politico, Cl0p гуруҳини рус тилида сўзлашувчи ҳакерлар гуруҳи сифатида таърифлайди ва уни Россия билан боғлайди.
Россия билан боғланаётган кибертаҳдидлар
Сўнгги ойларда Россия билан алоқадор деб кўрсатилаётган ҳакерлик гуруҳлари бир неча бор халқаро ахборот майдонида тилга олинди.
Хусусан, март ойида Нидерландия разведка хизматлари россиялик кибержиноятчилар Signal ва WhatsApp мессенжерларига қарши ҳужумлар уюштиргани ҳақида хабар берган эди. Расмийларга кўра, бундай ҳужумлар натижасида мамлакат амалдорлари, ҳарбий хизматчилари ва журналистларига тегишли махфий маълумотларга кириш имкони пайдо бўлган бўлиши мумкин.
Апрел ойида эса Германия ва АҚШ махсус хизматлари турли мамлакатлардаги давлат муассасаларида фойдаланиладиган роутерларга қарши киберҳужумлар ҳақида огоҳлантирди. Ушбу ҳужумлар Fancy Bear номи билан танилган ва Россия ҳарбий разведкаси билан боғланадиган ҳакерлик гуруҳига нисбат берилган.







