Узоқ кутилган учрашув, Байден Си Жинпингни Сан-Францискода қарши олди. Музокаралар чоғида икки томон ҳам икки хил мавзуларни ўртага ташлади. Хўш, бу учрашув кутилган натижаларни берадими? Марказий Осиё давлатлари бу курашнинг қайси нуқтасида бўлади? Тайван сабаб икки давлатнинг ҳарбий тўқнашуви содир бўладими? Мавзунинг шу каби нуқталарини таҳлил қилиш учун бугун студиямизга сиёсий таҳлилчилар Улуғбек Ҳасанов, Камолиддин Раббимов ва Хамза Болтаевларни таклиф этдик. ХХР раиси Си Жинпинг ва АҚШ президенти Жо Байден Сан-Франциско яқинида ўтказилган учрашувда икки давлат ҳарбийлари ўртасидаги тўғридан тўғри алоқа каналларини тиклашга келишиб олди.

— АҚШ ва Хитой раҳбарлари учрашуви кутилган натижаларни берадими?

Улуғбек Ҳасанов: — Натижалари бўлади, албатта. Бу учрашувга бир неча ой давомида тайёрланган, асосий масалалар белгиланган. Халқаро муносабатлар, дипломатияда тасодифий учрашувлар бўлмайди. Барчаси олдиндан режалаштирилади.

Хамза Болтаев: — Бу учрашув олдиндан келишилган, манфаатлар кўриб чиқилган учрашув. Эътиборлиси шундаки, 1 йил олдин Индонезиядаги учрашувдан кейинги учрашув. Индонезиядаги учрашувда келишилган масалаларнинг кўпи амалга ошмади. Шунинг учун мазкур учрашувдаги масалалар ҳам амалга ошиши сўроқ остида, вақт кўрсатади. Лекин учрашув яхши кайфиятда ўтганини кўрдик.

Камолиддин Раббимов: — Бу учрашувдан икки томон ҳам катта натижалар кутгани йўқ эди. Чунки бу икки давлат тирашуви тобора кристаллашиб боряпти. Уларнинг ўртасидаги фундаментал рақобат борган сари кучайиб боради. АҚШнинг ҳар йилги стратегик ҳужжатларида ХХР глобал майдонда АҚШ мавқейи ва манфаати учун таҳдид сифатида кўрилади. Икки томоннинг ҳам ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб олдига қўяётган вазифалари бор.

Хитойнинг ичида вазият мураккаб, ёшлар ишсизлиги юқори. Обама давридан бошланган савдо-иқтисодий урушлар давом этяпти. Украина уруши давом этяпти, Яқин Шарқда Исроил-Фаластин конфликти, шу ҳолатда АҚШга яна бир бошқа муаммо ортиқчалик қилади. Икки тараф ҳам қисқа муддатли тактик вазифаларга эришмоқчи холос.

Улуғбек Ҳасанов: — Бу учрашувга ижобий тус бериш қийин. Чунки таъкидланганидек, бу икки давлат ўртасидаги қарама-қаршилик давом этмоқда. Си Жинпинг G20 саммитига бормаган ҳам эди. Ҳиндистон билан бирга янги транспорт коридори лойиҳаси тасдиқланди. Бу лойиҳа Хитойнинг «Бир камар — бир йўл» коридорига муқобил бўлади.

Бу ўринда Марказий Осиё орқали ўтадиган коридор ҳам муҳим. Бизнинг ҳудуддан ўтадиган транспорт коридори орқали Хитойнинг юк етказиш вақти 2 баробарга қисқаради. Ҳозирда 10 фоиз логистика харажатига кетади, Марказий Осиё орқали ўтса, бу қисқаради. Биздаги ривожланган темирйўл тизими орқали тезликни ҳам оширади. Товар етказиш жуда ҳам муҳим аҳамиятга эга.