The Washington Post: Исроил, ҲАМАС ва АҚШ сулҳ бўйича «дастлабки» келишувга эришди
Ҳарбий ҳаракатларни беш кунга тўхтатиш эвазига 50 дан ортиқ исроиллик қўйиб юборилиши кўзда тутилган. Бу вақт ичида сектор ҳудудига инсонпарварлик ёрдами ҳажми бир неча баробар оширилиши мумкин.
The Washington Post нашри хабар беришича, Исроил ва ҲАМАС АҚШ воситачилигида Ғазо секторида вақтинча ярашиш бўйича «дастлабки» келишувга эришган. Сулҳ шартларига кўра, ҳарбий ҳаракатларда беш кунлик танаффус қилинади, фаластинликлар гаровдаги ўнлаб кишиларни озод этади.
Олти саҳифали ҳужжатда гаровдагиларни озод этиш ишлари яқин вақтлар ичида бошланиши кўзда тутилган. Гаровдагилардан «эллик нафар ёки ундан ортиқ қисми» ҳар 24 соатда кичик гуруҳларга бўлинган ҳолда қўйиб юборилади. Сулҳга риоя этилиши «ҳаводан туриб назорат қилинади». Бу танаффус инсонпарварлик ёрдами ҳажмини жиддий даражада кўпайтиришга имкон беради — жумладан Мисрдан Ғазо секторига етказиб бериладиган ёнилғини ҳам.
Исроилнинг Вашингтондаги мамлакат ҳукумати «гаровга олинганлар билан боғлиқ вазиятнинг ҳеч бир жиҳатини изоҳламоқчи эмаслиги»ни билдирган.
Бундан олдинроқ ҲАМАС Қатар воситачилигидаги музокараларда бир неча кунлик сулҳ эвазига 50 нафар исроиллик аёл ва болани озод қилиш таклифини билдиргани, Исроил томони бунга кўнмагани хабар қилинганди. Исроил томони гаровга олинган оилалар бир-биридан ажралиши мумкин эмас деб ҳисоблаган, улар бир оила вакиллари биргаликда озод этилиши ва кўпроқ одам қўйиб юборилишини истамоқда.
- ҲАМАС ҳаракати аъзолари 7 октябр куни Исроилга ҳужум қилиб, 1200 дан ортиқ кишини ўлдирган ва 240 дан ортиқ кишини гаровга олганди. Исроил мудофаа армияси бунга жавобан Ғазо сектори бўйлаб авиазарбалар берди, кейин қуруқлик амалиётини бошлади. Фаластин томони маълумотига кўра, секторда 7 октябрдан буён 11 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган.