Суҳбат давомида файласуф Виктор Алимасов, Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти директори Олимжон Давлатов ва сиёсатшунос Ҳамид Содиқ Исроил-Фаластин урушининг адолатли ечими қандай бўлиши борасида ҳам ўз фикрларини билдирди.

— Бир ойдан ошиқроқ вақт давомида янги тўлқинда давом этаётган Исроил-Фаластин урушининг адолатли ечими қандай бўлади?

Олимжон Давлатов:

— Адолатли ечим 1967 йилги БМТ резолюцияларига мувофиқ тузилган чегараларга қайтиш бўлади.

Агар бугун Исроил Фаластинни ўзига қўшиб олса, у ерда этник араблар кўпчиликни ташкил қилади, шунинг учун қарама-қаршилик янада кучаяди. Агар Исроил бугунги ҳаракатлари орқали Фаластин ерларини олиб қўйиб, арабларни ҳайдаса, бугунги ҳолатлар дунёнинг бошқа нуқталарига ҳам кўчади. Яъни шунга ўхшаш ҳолатларга андоза бўлади бу. Ечим — 1967 йилги чегаралаш бўйича иккита мустақил давлат бўлиши.

Виктор Алимасов:

— Отто фон Бисмарк айтадики: «Барча урушлар фожиали, аммо бу фожиани халқлар ўз ақл-идроки билан бартараф этиш мумкин». Исроил ва Фаластинга ҳам ақл-идрок керак, шу ерда урушни тўхтатиш керак. Икки халқ динларида ҳам тотувликка чақириқлар бор. Ислом динида «низо уч кундир», дейилади, яҳудийликда эса «душманингни ҳам сев», деган чақириқ бор. Бу ўринда икки халқ ўз динидаги ана шу чақириқларга амал қилиши керак. Дин яраштирувчи бўлиши лозим. Шунга амал қилиб, тўхтатишлари керак.

Бизнинг наздимизда вазият жуда чигаллашиб кетган, аммо буни ечса, енгиллаштирса бўлади. Фақат бу иккаласини бир-бирига яқинлаштирувчи куч керак. Умуминсоний бутунликка интилиш икки халқ учун ҳам зарур айни дамда.

Ҳамид Содиқ:

— 1967 йилги чегараларга қайтмаслигини барчамиз яхши биламиз, лекин айтилиши керак бўлган риторика бу. Аммо бу муаммонинг ечими эмас, онгостида буни биламиз.

Иккинчи жаҳон урушидан катта талафот ва йўқотишлар билан чиққан халқ яҳудийлар эди. Шунинг учун БМТнинг биринчи миссияларидан бири яҳудийларга давлат қилиб бериш бўлди. Лекин сионистик ҳукумат ўзига фашизм касаллигини юқтирган экан. Энди яҳудийлар давлати бутун дунёда уларга нисбатан шаклланган тафаккур билан ҳисоблашишга мажбур.