Эронлик нуфузли сиёсатчи, Сиёсий мақсадга мувофиқликни аниқлаш кенгаши аъзоси Ғулом-Али Ҳаддод-Адел Теҳронни Исроил ва ҲАМАС гуруҳи ўртасидаги урушда бевосита иштирок этиши оқибатлари ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда Эроннинг «Этемад» газетаси 18 ноябр куни хабар берди. «Эронда Ғазода уруш бошламоқчи бўлганлар шуни билиши керакки, Исроил айнан шу нарсани хоҳлаяпти», - дея Ҳаддод-Адел сўзларини келтиради dpa.
Унинг фикрича, Теҳроннинг можарода бевосита иштирок этиши Эрон ва АҚШ ўртасидаги урушга олиб келади. «Бу ҳолда Исроил хавфсиз зонада қолади», деб таъкидлади сиёсатчи.
Dpa таъкидлашича, Ҳаддод-Адел мамлакатнинг ўта консерватив фракциясига мансуб ва Эрон олий етакчиси оятуллоҳ Али Хоманаийнинг яқин ишончли вакили ҳисобланади. Бу, dpa аниқлик киритганидек, Ҳаддод-Адел, Конституцияга кўра, барча стратегик масалалар бўйича якуний сўзни айтадиган Хоманаий позициясини билдираётганини англатиши мумкин.
Сиёсий мақсадга мувофиқлик кенгаши Эронда парламент ва ҳукумат ўртасидаги қонунчилик келишмовчиликларини ҳал қилишда воситачилик қилувчи муҳим сиёсий орган ҳисобланади.
АҚШ Эронни Ғазодаги можарога аралашмаслик ҳақида огоҳлантирди
Қўшма Штатлар Эронни Исроил ва Эрон фаол қўллаб-қувватлаётган ҲАМАС гуруҳи ўртасидаги урушга аралашмаслик ҳақида бир неча бор огоҳлантирган. Ноябр ойи бошида АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Америка ҳарбий кемалари Ўрта Ер денгизида жойлаштирилганини эслатди. «Биз бу можаронинг янада кучайишига йўл қўймаслик учун ҳамма нарсани қилишимиз керак», - деди Америка Давлат департаменти раҳбари.
Шу билан бирга, Блинкен Эрон ва «Ҳизбуллоҳ» Исроилга қарши иккинчи фронт очса, АҚШ тўғридан тўғри можарога аралашадими ёки йўқми, бунга аниқлик киритмади, аммо Америка Қўшма Штатлар мавжуд экан, Исроил ёлғиз қолмаслигини билдирди.
Reuters аввалроқ оятуллоҳ Али Хоманаий ноябр ойи бошида ҲАМАС вакиллари билан учрашув чоғида Теҳрон Исроил билан урушга киришмаслигини, чунки Эрон 7 октябр куни содир бўлган ҳужум ҳақида огоҳлантирилмаганини айтгани ҳақида хабар берган эди.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.


















