Иқтисодиёт | 17:16 / 21.11.2023
26520
3 дақиқада ўқилади

Янгийўлдаги “Биокимё” заводи хусусийлаштирилди

Спирт ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи “Биокимё” АЖдаги 51 фоиз давлат улуши 118 млрд сўмга сотилди. Харидор – “Mega comfort business” МЧЖ.

Фото: biokimyo.uz

“Биокимё” АЖ устав капиталидаги 51 фоиз давлат акциялар пакетини 118 млрд сўмга “Mega comfort business” МЧЖга сотиш бўйича келишувга эришилди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, ўтказилган тендерда инвесторлардан “Биокимё” АЖни сотиб олиш бўйича 3 та ариза келиб тушган. Хусусийлаштириш бўйича консултант сифатида Abrau Capital компанияси жалб қилинган.

Давактив хабарида келтирилишича, “Mega comfort business” мавжуд таклифлар орасида энг юқори нарх таклифини билдирган. Шу билан бирга, харидорнинг нарх таклифи консултант томонидан ҳисобланган корхонанинг сотилиши мумкин бўлган индикатив нархлар оралиғида жойлашган ҳамда мустақил баҳоловчи томонидан баҳоланган қийматдан юқори бўлган.

Маълумот учун, 2022 йил 21 сентябр куни президент Шавкат Мирзиёев кимё саноатида эришилган асосий кўрсаткичлар ва режалаштирилган лойиҳалар тақдимоти билан танишиб, кимё заводларидаги давлат улушини хусусийлаштириш бўйича кўрсатмалар берганди. Шундан сўнг, жорий йилнинг июл ойида Давактив “Биокимё” АЖ устав капиталидаги 51 фоиз ва “Андижон биокимё заводи” АЖдаги 76 фоиз давлат улушини хусусийлаштириш жараёни бошланганини эълон қилганди.

“Биокимё” АЖ ва унинг харидори ҳақида

“Биокимё” АЖ ўзининг кўп йиллик тарихи давомида Марказий Осиёда этил ва озиқ-овқат спиртининг асосий етказиб берувчиси бўлиб келган. Жамият 2007 йилда Янгийўл гидролиз заводи негизида ташкил этилган бўлиб, саноат ва носаноат объектларига эга корхонанинг умумий майдони 18,92 гектарни ташкил этади. Унинг устав фонди 9,6 млрд сўм, ишлаб чиқариш қуввати эса йилига 1,83 млн декалитрни ташкил этади. Завод жорий йилнинг 9 ойида 33 млрд сўм соф фойда кўрган.

Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестрига кўра, харидор “Mega comfort business” МЧЖ 2012 йил 4 сентябрда Тошкент вилояти Янгийўл туманида рўйхатга олинган. Жорий устав фонди – 50,1 млрд сўм. Фаолият йўналиши – ресторанлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари tтказиш бўйича хизматлар. Компания таъсисчилари – Миркомил Юсупов, Юлдузхон Исхонбекова, Улуғбек Ражабов ва Равшан Алимов. Уларнинг ҳар бири 25 фоизлик улушга эга. Раҳбари сифатида Абдуқодирова Камола Ғофиржановна кўрсатилган.

Аввалроқ, “Қўқон биокимё” акциядорлик жамияти 277 млрд сўмга хусусийлаштирилганди. Харидор – “First Premium Alliance” МЧЖ. Компания собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли Дониёр Комиловга тегишли.

Мавзуга оид