Нидерландиядаги парламент сайловларида Озодлик партияси (PVV) ғолиб бўлди, унинг раҳбари иммиграцияга, ислом динига ва мамлакатнинг Евроиттифоққа аъзолигига қарши бўлган, ўта ўнг сиёсатчи Герт Вилдерс ҳисобланади.

Унинг ғалабаси Европа сиёсатида ўнг ва ўта ўнг партияларнинг ўсиб бораётган машҳурлиги билан тавсифланган тенденциянинг давом этиши бўлди.

Аммо Нидерландиядаги сиёсий тизим шундай тузилганки, партиянинг бу ғалабаси Вилдерс бош вазирлик курсисини эгаллашини кафолатламайди.

«Нидерландиялик Трамп»

Вилдерс анчадан буён Нидерландиянинг ўзида ҳам, хорижда ҳам машҳур сиёсатчилардан саналади.

Вилдерс ғалабани қизғин нишонлади, аммо унинг бош вазир бўлишига ҳали анча бор. Фото: REUTERS

Унинг оташин нутқлари, муҳожирлар ва ислом динига қарши баёнотлари, шунингдек салкам 30 йилдан буён сочини оққа бўяб келиши унга «нидерланд Трампи» лақаби қўйилишига сабаб бўлган.

Аммо барча, жумладан Вилдерснинг ўзи ҳам, бутун сиёсий фаолиятини мухолифатда ўтказишига тўғри келади, деб ишонарди.

У 2010 йилда ҳукуматга киришга яқин бўлганди, ўшанда унинг партияси ҳозирда ҳокимиятдан кетаётган Марк Рютте томонидан шакллантирилган ҳукмрон коалицияни қўллаб-қувватлаганди.

Аммо Вилдерс ўша вақтдаги маъмуриятга расман қўшилмаган ва ҳатто бир ярим йил ўтиб бюджет масалаларидаги келишмовчилик туфайли ушбу маъмурият истеъфога чиқишига эришганди. Ўшанда Рютте ҳукумати бюджет тақчиллигини қисқартиришни ва пенсияга чиқиш ёшини бир йилга оширишни истаганди.

Ислом динига қарши қатъий позицияси Вилдерсни нафақат асосий (мейнстрим) партиялардан узоқлаштиради, балки уни радикал кучлар нишонига айлантиради. Шу туфайли Вилдерс қарийб 20 йилдан буён полициянинг 24 соатлик ҳимояси остида яшаб келади. Шу билан бирга у ҳеч қандай таҳдид уни жим бўлишга мажбур қила олмаслигини таъкидлайди.

Вилдерс бу сайловда Ҳаага мэриясида овоз берди, бу ерга у баҳайбат қўриқчилар қуршовида ташриф буюрди, бунгача бино синчиклаб текшириб чиқилганди.

Вилдерс сиёсатида ислом динига қарши кайфият қандай ролни бажаради?