Ўзбекистонда таълимга бўлган талаб унчалик юқори эмас, чунки инсон капиталига бўлган инвестицияларнинг бозордаги қиймати баланд эмас. Лекин иқтисодий ўсиш бошланса, малакали кадрларга талаб ошади, бу уларнинг даромади кескин ошишига олиб келади. Аста секинлик билан таълими бор ва йўқларнинг орасида катта фарқ кузатилади, шу фарқ эса  таълимга инвестиция қилишга сабабчилардан бири бўлади, дейди иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг Kun.uz’га берган интервюсида.

Инсонларнинг билимли бўлиши, бунинг ортидан жамиятнинг ҳам онги юксалиши ҳар давр учун ўта долзарб ва муҳим масала бўлиб келган. Чунки мамлакат ривожланиши бир қадар ундаги таълим тизимининг йўлга қўйилганига боғлиқ. Аммо жараёнда бошқа омиллар, мисол учун, давлатнинг иқтисодий тараққиёти бирламчи ҳисобланиши, таълим шундагина яхшиланиши ҳақида ҳам фикрлар билдирилади.

Хўш, таълим ва иқтисодиёт бир-бирига қанчалик боғлиқ? Биринчи навбатда, булардан қайси бирининг ўсиши муҳим? Kun.uz  айни мавзуни муҳокама қилиш учун иқтисодчи, АҚШнинг Висконсин университетидан фалсафа доктори (PhD) Беҳзод Ҳошимов билан суҳбатлашди.

Беҳзод ака, яқинда “Манипулятив диктаторлар” китобининг муаллифларидан бири Сергей билан қилган интервюнгизда бир фикр илгари сурилган экан, яъни “таълим кўрган, билимли инсонлар синфининг кенгайиши сабаб манипулятив диктаторларнинг ҳам ҳокимиятини сақлаб қолиши мураккаблашади. Иқтисодий ўсишнинг базаси асли таълим кўрганлар синфи ҳисобланади”.

Мен дастлаб интервюни шундан бошламоқчиман, яъни ривожланишда булардан қайси бирининг тараққиёти муҳим, таълимми ёки иқтисодиёт? Бу иккиси бир-бирига қанчалик боғлиқ?

– Савол учун катта раҳмат. Бир-иккита нарсани айтиб ўтмоқчи эдим. Биринчиси, Трейсман ва Гўриевнинг ҳаммуаллифлигидаги китоби, умуман демократиялар ҳақида гап кетадиган бўлса, таълим деганда специфик нарсани тушунишади. Биринчиси бу – олий таълим, олий таълим деганда ҳам ниҳоятда кенг қамровли таълим ҳақида гап кетяпти. Яъни инсонлар ижтимоий фанлардан хабардор, эркинлик ғоялари ҳақида эшитишган [шундай одамлар ҳақида гапирилса], уларни манипуляция қилиш нисбатан қийинроқлиги ҳақидаги гап эди.

Сўраган саволингизга жавоб берадиган бўлсак, олдин иқтисодий ривожланишми ёки таълим, ё таълим ривожланиши ёки иқтисодми деганингизда, буларни бир-биридан ажратиш қийинроқ. Одатда иқтисодий ривожланиш натижасида таълимга бўлган талаб ошиб боради ва бу орқали таълим ҳам ривожланади. Бу икки нарса бир-бирини ривожлантириб боради. Буни қандай маънода тушунсак бўлади? Ўзбекистондек давлатни олсак, таълимга бўлган талаб унчалик катта эмас, чунки инсон капиталига бўлган инвестицияларнинг бозордаги қиймати унчалик баланд бўлмаслиги мумкин. Лекин иқтисодий ўсиш бошланса, шу жараёнда малакали инсонларга талаб ошади, бундай тоифадаги инсонларнинг кўпайиши эса уларнинг даромади кескин ошишига олиб келади. Яъни таълими бор ва йўқларнинг орасида катта фарқ кузатилади, шу фарқ эса инсонларнинг таълимга инвестиция қилишига сабабчилардан бири бўлади. Шунинг учун иқтисодий ривожланиш кузатилган мамлакатларда таълимнинг сифати ҳам, қамрови ҳам ошиб боради. Иқтисодий ривожланишсиз таълимга инвестиция қилиш ёки унинг ўсишига эришиш ўзидан ўзи қийин. Таълимга қилинган инвестициялар қайсидир жойларда пуллаштиришнинг иложи бўлмаса, яъни масалан, бир хил мамлакатлар бор, ўзининг бозори унча ривожланмаса ҳам улардаги квалификацияси юқори, малакаси юқори бўлган инсонлар чет эл меҳнат бозорларида ўз бахтларини топишади ва шу сабаб иқтисодиёти ривожланмаган бўлса ҳам, уларнинг таълими ривожланган бўлиши мумкин.