13:10 / 28.11.2023
3510

Москва суди WSJ журналисти Гершковични ҳибсда сақлаш муддатини узайтирди

The Wall Street Journal мухбири камида 30 январгача ҳибсда сақланади. Шу тариқа, Эван Гершковичнинг ҳибсда бўлиши умумий муддати 10 ойни ташкил қилади.

Фото: РИА Новости

Москвадаги Лефортово суди Россия расмийлари томонидан жосусликда айбланган Американинг The Wall Street Journal (WSJ) нашри мухбири Эван Гершковични ҳибсга олиш муддатини икки ойга узайтирди. Москва умумий юрисдикция судларининг Telegram-каналига кўра, эҳтиёт чораси 2024 йил 30 январгача узайтирилди. Ҳаммаси бўлиб Гершковичнинг ҳибсда бўлиши умумий муддати 10 ойни ташкил қилади.

Адвокатлар аввалроқ, ҳимоячининг фикрига кўра, журналистга ҳибсга олиш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёт чораси қўлланиши мумкинлигини билдирган эди. Гершкович ишининг материаллари махфий остида сақланмоқда.

Гершковичнинг ушланиши ва ҳибсга олиниши 

Эван Гершкович 2023 йил март ойи охирида Екатеринбургда қўлга олинган ва жосусликда айбланган. «ФСБ» маълумотларига кўра, журналист «Америка томони кўрсатмаси бўйича Россия ҳарбий-саноат комплекси корхоналаридан бирининг фаолияти тўғрисида давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни тўплаган». 

«ФСБ»нинг тушунтиришича, америкалик журналист «махфий маълумотларни олишга уринаётганда» ушланган. Кейинроқ Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Гершкович «пора устида қўлга олинганини» айтди. Гершковичнинг ҳимояси журналист ўз айбини тан олмаслигини таъкидлади. Ҳибсга олинган америкалик мухбир Москвадаги Лефортово тергов изоляторида сақланмоқда. 

Top