– Қизамиқ кўпайгани ҳақида хабарлар тарқаляпти, бу хабарлар қанчалик асосли?

– Қизамиқ мавсумий касаллик бўлиб, ушбу касаллик асосан куз-қиш мавсумларида рўйхатга олинади. Бугунги кунда қўшни давлатларда қизамиқ касаллиги кўпаймоқда ва четга бориб келаётган қизамиққа қарши эмланмаган аҳоли, болалар орасида қизамиқ билан касалланиш рўйхатга олиняпти.

– Қандай ҳимоялаш мумкин?

– Қизамиқдан ҳимояланишнинг ягона усули – эмлаш. Миллий эмлаш календари асосида ҳар бир ота-она яшаш манзилидаги поликлиникага мурожаат этиб, фарзандини 1 ёшда ва 6 ёшда қизамиққа қарши эмлатиши керак. Касаллик белгилари пайдо бўлиши билан шифокорга ёки тез ёрдамга мурожаат этиш лозим. Беморни алоҳидалаш зарур. Шифокор тавсияси асосида керакли даволаш олиб борилади.

– Қизамиқ асосан қайси ёш гуруҳларида учрайди, белгилари қандай намоён бўлади?

– Қизамиқ ҳар хил сабабларга (вақтинча кўчиб кетган, тиббий чеклов берилган, эмлашдан бош тортган) кўра эмланмаган аҳоли ва болаларда учрайди. Қизамиқ ҳаво-томчи йўли орқали юқадиган ўткир юқумли касаллик бўлиб, тана ҳароратининг кўтарилиши, юқори нафас йўллари яллиғланиши, конъюнктивит, терида ўзига хос босқичма-босқич доғли тошмалар тошиши билан кечади.

– Грипп қандай касаллик ва у қандай йўллар билан юқади?

– Грипп бу – ўткир юқумли касаллик бўлиб, зарарлаш ва оғир интоксикация билан кечади. Грипп асосан ҳаво-томчи механизми билан тарқаладиган касаллик. У соғлом кишиларга касаллик ҳаво-томчи йўли билан ўтади. Касаллик атрофдаги соғлом одамларга асосан ҳаво-томчи йўли билан бемор аксирганда, йўталганда, гаплашганда тез юқади. Ҳавода сақланиб турган грипп вируси соғлом одамни тезроқ хасталайди.

– Жорий мавсум юртимизда гриппнинг тарқалиш кўрсаткичи қандай?

– Кўпинча одамлар катта шаҳарларда гриппга дуч келишади. Ҳозирги вақтда грипп бўйича жорий эпидемик вазият сақланиб қолмоқда. 2023 2024-йиллардаги эпидемия мавсумида грипп ва ўткир респиратор инфекциялар бўйича мавсумга хос ҳолат кузатилмоқда.

– Кимлар хавф гуруҳига киради?

– Грипп билан касалланиш аҳолининг ҳар хил ёшлари орасида тақсимланишига келсак, асосан ёш болалар касалланади, фақат шуни айтиб ўтиш керакки, А вирусининг янги тури келтириб чиқарган эпидемияда болалар ва катта ёшдагилар касалланади, аммо касалланиш даражаси фарқи камроқ бўлиши мумкин.