Фото
Вируслар географияси ўзгариб бормоқда: илгари фақат айрим ҳудудларда учраган инфекциялар энди бутунлай бошқа минтақаларда ҳам қайд этилмоқда. Инфекцион касалликлар бўйича шифокор ва тадқиқотчи Патрик Жексон мазкур йилда айнан қайси вируслар кенг тарқалиши, уларнинг жамоат саломатлиги учун эҳтимолий хавфлари ҳақида маълумот берди.
Қуш гриппи (A турдаги грипп, H5N1)
A турдаги грипп вируслари одамларда ҳам, кўплаб ҳайвонларда ҳам учрайди ва жуда тез мутацияланади. 2009 йилда айнан шу турдаги вирус ҳисобланган H1N1 глобал пандемияни юзага келтирган ва биринчи йилдаёқ дунё бўйлаб 280 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган. Ушбу вирус “чўчқа гриппи” номи билан танилган ва дастлаб Мексикада чўчқаларда аниқланган.
Чўчқа гриппи тажрибаси бугун қуш гриппи билан боғлиқ хавотирларни кучайтирмоқда. Чунки A турдаги грипп вируслари ҳайвонлардан одамларга ўтиш, бир-бири билан аралашиб, янги ва янада хавфли шаклларни ҳосил қилиш хусусиятига эга.
Шу сабабли, сўнгги йилларда мутахассислар H5N1 қуш гриппи вирусига алоҳида эътибор қаратмоқда. Мазкур вирус билан ҳасталаниш илк бор 1997 йилда Хитойнинг жанубидаги одамларда кузатилган. Ёввойи қушлар орқали у турли давлатларга тарқалган. 2024 йилда эса АҚШда илк бор сут соғиб олинадиган қорамолларда тарқалиб, бир нечта штатларга ёйилиб кетган.
Вируснинг қушлардан қорамол каби сутэмизувчиларга ўтиши мутахассисларни жиддий хавотирга солмоқда. Чунки бу ҳолат 2009 йилдаги чўчқа гриппи сценарийси такрорланиши мумкинлигини эслатади. Тадқиқотларга кўра, ҳозирга қадар сигирдан инсонига юқиш ҳолатлари ҳам қайд этилган.
Инфекцион касалликлар бўйича шифокор Патрик Жексоннинг маълум қилишича, 2026 йилда олимлар H5N1 вирусининг одамдан одамга юқиш босқичига ўтган-ўтмаганини синчиклаб текширади. Агар вирус бу босқичга етса, у чўчқа гриппи сингари янги глобал пандемияга сабаб бўлиши мумкин. Айни вақтда мавжуд грипп вакциналари H5N1дан тўлиқ ҳимоя қилмайди, мутахассислар айнан ушбу вирусга қарши янги вакциналар устида иш олиб бормоқда.
Mpox
Аввал “маймунчечак” номи билан танилган mpox вируси 1950 йилларда илк бор қайд этилган. У асосан кемирувчилар орасида тарқалади ва вақти-вақти билан одамларга юқади. Mpox чечак вирусига ўхшаш бўлиб, иситма ва бир неча ҳафта давом этувчи оғриқли тошмалар билан кечади.















