Яқин Шарқда Саудия Арабистони, Миср ёки Эрон анъанавий етакчилар деб қабул қилинса-да, ҳудуди кичик, лекин овози анча баланд Қатар мафкуравий ва геосиёсий позицияси жиҳатдан минтақада уникал давлат ҳисобланади. Расмий Доҳа бу сафар Ғазода 4 кунлик оташкесимга эришишда марказий ўрин тутди.

Хўш, Қатарнинг Исроил–Фаластин инқирозида таъсир этиш ўрни қандай? Умуман, Қатар ташқи сиёсатининг араб-мусулмон оламидаги ўрни ва векторлари-чи?

Kun.uz'нинг “Геосиёсат” рукни мавзуни таҳлил қилиш учун сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Шавкат Икромовни таклиф этди.

— ҲАМАС ва Исроил Қатар воситачилигида 4 кунлик ўт очмаслик сулҳига эришди. Қатарнинг ҲАМАСга таъсири мавзусига ўтишдан аввал, Қатар ташқи сиёсатининг араб-мусулмон оламидаги ўрни ва векторлари қандай?

Шавкат Икромов: — Қатар кичик давлат сифатида кўрилади, аммо бу фақат географик ва аҳоли сони нуқтайи назаридан. Сиёсий, геосиёсий майдондаги иштирокига кўра, Қатар кичик давлат ҳисобланмайди. Қатар – минтақавий йирик ўйинчи.

Қатар 1972-1996 йиллар оралиғида Саудиянинг хавфсизлик кафолатлари остида яшаб келган. 1996 йилдаги тинч давлат тўнтаришидан сўнг унинг сиёсати ва ташқи сиёсий доиралари ҳам ўзгарди. Демографик ва географик кичиклигини Қатар фаол ташқи сиёсати, геосиёсий воситачилиги билан ёпишга уринади. 1996 йилдан Араб баҳоригача Қатар ўзини фаол минтақавий ўйинчи сифатида намоён этишга ҳаракат қилди. Араб баҳори ва 2013 йилдаги ҳокимият ўзгаришидан сўнг минтақадаги бўшлиқлардан фойдаланиб, минтақавий ўйинчи сифатида ўзини яхши кўрсата бошлади. Бугунги кунда халқаро миқёсда асосий воситачи давлат ҳисобланади. Ғазо бўйича иккинчи муваффақиятли юришни амалга оширди. Биринчиси АҚШ фуқароларини озод қилиш бўйича келишув бўлса, иккинчиси уруш ҳаракатларини 4 кунга тўхтатишга эришди.

Қатар ички сиёсатидан хавотир олмайди. Аҳолиси 2,7 млн, етарлича бой, одамларнинг хоҳиш-истаклари олдиндан кўрилган. Шунинг учун ҳам воситачиликда бутун халқ истаги бўлиб туради, бу ҳам бир муваффақиятга йўл. Бундан ташқари, Қатар атрофида этник низолар, катта давлатлар ўйинлари бўлиб туради, шунинг учун бу низолар ўзига етиб келмасдан, ҳал қилиш йўлларини излайди ва воситачилик таклиф этиб келади.

Камолиддин Раббимов: — Қатарнинг глобал бренди бу “Ал-Жазира” телеканали ҳисобланади, у 300 млндан ортиқ араб ҳамжамиятининг сиёсий тафаккури ва ахборот қарашларини шакллантириб бераётган глобал ресурс. Бошқа араб давлатларининг ахборот ресурслари унга рақобатчи бўлолмайди. Қатар ўзи кичик давлат бўлса-да, жуда катта геосиёсий ресурс ва мавқе шакллантирди.