Россиянинг Украинага босқинини қўлловчи қатор манбалар 14-армия корпуси раҳбарининг ўринбосари генерал-майор Владимир Завадский ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.
Генерал-майор Завадскийнинг ўлими ҳақидаги илк хабарлар 28 ноябр куни кечқурун Москва умумқўшинлар қўмондонлик мактабининг (МВОКУ) ёпиқ чатида пайдо бўлган. Битирувчилардан бири Москва вақти билан соат 14:30 атрофида ҳарбий ҳаракатлар ҳудудида бўлиб турган генерал минада портлаб кетганини айтган. Генерал Завадскийнинг ўлими ҳақидаги дастлабки хабар Беларусдаги Gusar.by сайтига жойлаштирилган.
29 ноябр куни генерал-майор Завадский гўёки Харкив областининг Изюм шаҳри ҳудудида ҳалок бўлгани ҳақида «Новороссия» ахборот агентлиги хабар тарқатди, унинг муассиси православ олигарх Константин Малафеевга тегишли «Царьград Медиа» ҳисобланади. Лекин Изюм Украинанинг ички ҳудуди бўлиб — фронт чизиғидан тахминан 50 километр масофада жойлашган.
Бошқа маълумотларга кўра, Завадский Херсон областининг Кринки аҳоли пункти яқинида ҳалок бўлган, бу ерда Россия армияси сўнгги ҳафталарда Украина қуролли кучларининг Днипро дарёси сўл соҳилидаги плацдармларига қарши кураш олиб бормоқда.
Завадскийнинг ўлими ҳақидаги хабар «ВКонтакте» тармоғида, МВОКУ битирувчиларини ўз ичига олган «Кремл» минтақалараро жамоат ташкилоти гуруҳида ҳам пайдо бўлган.
Завадский Москва қўмондонлик билим юртини 2000 йилда тамомлаган, унгача, 1995 йилда — Уляновск гвардия Суворов ҳарбий билим юртини битирган. 2018 йилдан 2021 йилга қадар генерал-майор Москва областида Кантемир танк дивизиясини бошқарган. Ҳалок бўлган чоғида 14-армия корпуси қўмондони ўринбосари лавозимида бўлган.
Тинчлик даврида 14-армия корпуси дислокацияси Мурманск областида бўлиб, Шимолий флот қўмондонлиги бўйсунувида эди. Украиналик ҳарбий таҳлилчи Константин Машовецнинг маълумотига кўра, айни вақтда 14-армия корпуси таркибидаги 80-«арктика» мотоўқчилар бригадаси «Днепр» гуруҳи сафида айнан Херсон области ҳудудида жанг қилмоқда. «ВЧК-ОГПУ» телеграм-канали ҳам генерал «Днепр» гуруҳи масъул бўлган ҳудудда ҳалок бўлганини, «аммо бу рақиб билан ҳарбий тўқнашувда эмас, ички ҳудудда мина портлаши оқибатида рўй бергани»ни маълум қилган.

















